ХДП Давлат дастури лойиҳасига таклифларни республика бўйича шакллантирмоқда
2020 йил 9 январь куни Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг қўшма йиғилиши видеомулоқот тарзида ташкил этилди. Партиянинг жойлардаги ташкилотлари мутасаддилари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, жами 300 нафарга яқин фаоллар ҳудудий студиялардан иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга ва халққа Мурожаатномасида белгиланган устуворликлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДПнинг депутатлик бирлашмалари олдида турган долзарб вазифалар тўғрисидаги масала муҳокама этилди.
Йиғилишни Халқ демократик партиясининг парламент Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов олиб борди.
Мурожаатномада илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар тарихан муҳим паллада халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаёти йўлида барчамизни жипслаштириб, янги марралар сари руҳлантираётгани алоҳида таъкидланди. Мамлакатимиз Мустақиллигининг қутлуғ санаси – 30 йиллиги кенг нишонланадиган жорий йилда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!”, деган ягона мақсад атрофида бирлашиб, масъулият ва жавобгарликни чуқур ҳис этган ҳолда, фидокорона меҳнат қилиб яшаш керак, деди партия етакчиси.
Мурожаатномада жамиятнинг барча соҳаларини илғор демократик мезонлар асосида ислоҳ этиш бўйича стратегик вазифалар белгилаб берилди, бу вазифаларни ҳаётга самарали жорий этиш фуқаролик жамияти институтлари, айниқса, сиёсий партиялар зиммасига катта масъулият юклайди.
Таъкидландики, Халқ демократик партияси Мурожаатномада белгиланган вазифаларни, ғояларни фаол қўллаб-қувватлайди, дастурий мақсадларига эришиш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича устувор ҳужжат сифатида ёндашади.
Мурожаатнома асосида қабул қилинадиган жорий йилги Давлат дастурига 6 та муҳим йўналиш бўйича депутатлар, партия фаоллари ўз таклифларини билдиришмоқда. Ҳозиргача ҳудудлардаги партия фаоллари ва депутатлардан 100 дан ортиқ таклифлар келиб тушди, шунингдек, фракция аъзолари парламентдаги дебат ва муҳокамаларда электорат манфаатларидан келиб чиқиб таклиф-мулоҳазаларини билдириб келмоқда.
Йиғилишда сўзга чиққанлар Президентимизнинг бу йилги Мурожаатномасида Халқ демократик партияси учун принципиал аҳамиятга эга бўлган ижтимоий-иқтисодий масалаларга алоҳида эътибор қаратилгани, Сайловолди дастурида ғоя сифатида илгари сурилган 10 дан ортиқ вазифа юзасидан аниқ чоралар белгиланганини қайд этишди.
Хусусан, камбағалликни қисқартириш ва турмуш фаровонлигини ошириш ислоҳотларнинг пировард мақсади бўлиши, аҳолининг минимал харажатлари эълон қилиниши, вақтинча ишсизлик нафақаси оширилиши, биринчи марта чин етим болаларни уй-жой билан таъминлаш учун 50 миллиард сўм ажратилиши, муҳтож аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилиши, чекка қишлоқ ёки мутахассислар танқис ҳудудларга бориб ишлайдиган ёш кадрларга 100 фоизгача устама ҳақ тўланиши, ногиронликни белгилаш бўйича ижтимоий моделга ўтилиши билан боғлиқ вазифалар партия дастурий мақсадлари билан узвий ва ҳамоҳангдир.
Йиғилишда партия ташкилотлари, парламентдаги фракцияси ва жойлардаги депутатлар олдида турган вазифалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Муҳокамалар якуни бўйича партия ташкилотлари ва депутатларнинг 8 та йўналишда вазифалари белгиланди.
Аввало, партия тизимида Мурожаатномани таҳлилий ўрганиш, таклиф ва ташаббусларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тушунтириш мақсадида бутун партия ва депутатлик тизимида мутахассислар, тажрибали депутатлар иштирокида амалий семинарлар ўтказилади.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурига билдирилаётган таклифлар туман – вилоят – республика тартибида умумлаштирилади. Таклифлар Мурожаатномада белгиланган вазифаларни амалга ошириш механизмлари ҳамда партия электорати манфаатлари билан боғлиқ бўлади.
Бундан ташқари, партия тизимида депутатлар, ҳамкор ташкилотлар билан амалга ошириладиган лойиҳалар Мурожаатнома йўналишларидан келиб чиқиб, такомиллаштирилади. Бунда ёшларни касб-ҳунарли қилиш, бандлигини таъминлаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, эҳтиёжманд оилаларнинг камбағалликдан чиқишга интилишини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари электорат манфаатлари билан боғлиқ ижтимоий масалаларни ўрганиб, парламентда ташкил этиладиган “Ҳукумат соат”ларига вазирлик-идоралар ахборотини эшитиш бўйича масалалар тайёрлайди, натижада фракция ташаббуси билан жойлардаги аниқ муаммоли ҳолатлар муҳокамаси ташкил этилади.
Шу тариқа Мурожаатномада қўйилган йўналишлар ҳамда партия дастурий мақсадларини амалга ошириш бўйича маҳаллий Кенгашлардан парламентдаги фракциягача бўлган назорат-таҳлил тизими яратилади.
Мурожаатномада илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар амалга ошиши, натижадорликка эришилиши жорий йилда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятида устувор йўналишга айланади.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати
Мавзуга оид
13:38 / 06.09.2021
Мақсуда Ворисова Халқ демократик партиясидан президентликка номзод сифатида тасдиқланди
16:00 / 04.09.2021
Талаба ўқисинми ёки ижарага пул топсинми?!
18:12 / 02.09.2021
Мақсуда Ворисова мандат кечикаётгани ҳақида: Давлат тест маркази изоҳ бериши шарт!
14:00 / 05.07.2021