Ўзбекистон | 11:50 / 11.01.2021
10915
3 дақиқада ўқилади

Бюджет соҳасида янги жарималар жорий этилди

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Бюджет кодексига бир қатор тузатишлар киритилди.

Norma’нинг ёзишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-6-моддасига тузатишлар киритилди. Энди ушбу моддага давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш тартибини бузиш ҳам киритилди. 2020 йилдан бошлаб давлат мақсадли жамғармалари тўлиқ ғазначилик ижросига ўтказилган, уларнинг ҳисоботлари эса халқаро талабларга мувофиқлаштирилган.

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • бюджет ижроси балансини;
  • даромадлар ижроси тўғрисидаги ҳисоботни;
  • харажатлар ижроси тўғрисидаги ҳисоботни;
  • дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрисидаги маълумотларни;
  • номолиявий активлар ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботни;
  • миллий ва чет эл валютасидаги пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботни;
  • тақсимловчи органлар бўйича тармоқ, штатлар ва контингентга доир режанинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни.

Тақсимловчи органлар ҳар ойда Молия вазирлигига таҳлилий мақсадлар учун давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари даромадлари ва харажатларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этади. Юқорида айтиб ўтилган таркибий элементларни ўз ичига олган тўлиқ ҳисоботлар Молия вазирлигига (илгари – Вазирлар Маҳкамасига) қуйидаги тартибда тақдим этилади:

Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган муддатларда – чораклик ҳисоботни;

ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелига қадар – йиллик ҳисоботни.

Ҳисоботларни белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун айбдор мансабдор шахсларга 1 базавий ҳисоблаш миқдоридан 2 базавий ҳисоблаш миқдоригача миқдорда жарима солинади. Молия вазирлиги ва ҳудудий молия органлари ходимларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-6-моддаси бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузиш ва уни кўриб чиқиш учун судга юбориш ваколати берилди.

2021 йил 1 апрелдан бошлаб бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузиш деб номланган янги модда киритилади. Мазкур ҳолатда тегишли маълумотларни оммага эълон қилиш орқали очиқликка эришилади. 

Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг сайтлари мавжуд бўлмаган тақдирда, улар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг сайтларига маълумотни жойлаштиради.

Белгиланган муддатларни бузганлик учун мансабдор шахсларга 2 базавий ҳисоблаш миқдорида жарима солиниши мумкин. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома Ҳисоб палатаси томонидан тузилади, кейин эса кўриб чиқиш учун судга юборилади.  

Қонун 31.12.2020 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид