Президент Форишдаги полигонда қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини кўздан кечирди
Ўзбекистон Республикаси президенти, Қуролли қучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев «Фориш» тоғ полигонида Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлиги билан танишди.
Давлат раҳбари 2018 йил март ойида мазкур ҳудудда бўлиб, бу ерни намунавий полигонга айлантириш, янги концепция ишлаб чиқиб, мамлакатимиздаги барча ҳарбий полигонларни модернизация қилиш бўйича топшириқлар берган эди. Шулар асосида ушбу махсус ўқув-синов майдони замон талабларига мослаштирилди, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини оширишга қаратилган энг илғор шароитлар яратилди.
Бунинг натижасини база инфратузилмаси янгиланганидан сўнг, бу ерда 2019 ва 2020 йилларда ўтказилган Халқаро армия ўйинларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги терма жамоаси биринчиликни қўлдан бой бермай келаётганида ҳам кўриш мумкин.
Полигон ҳудудида қурилган объектлар ҳақида дастлаб жой макети орқали маълумот берилди. Давлат раҳбари ҳарбийлар ётоқхонаси, сузиш ҳавзаси, спорт залидаги шароитлар билан танишди. Марказий ва Шарқий ҳарбий округларнинг регби бўйича терма жамоалари мусобақасини кузатди.
Қуролли қучлар олий бош қўмондони ҳарбий хизматчилар билан бир дастурхон атрофида самимий суҳбатлашди. Истеъдодли аскарлар бахшичилик санъатидан намуналар ижро этди.
Давлат раҳбари «Фориш» тоғ полигонида қўшинлар ихтиёридаги замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни кўздан кечирди.
Ундан сўнг Марказий ҳарбий округ қўшинларининг шартли душманни йўқ қилиш бўйича жанговар машғулотлари, ҳарбий муҳандислик амалиётлари намойиш қилинди.
Шу ерда шахсий таркиб билан мулоқот бўлди. Президент дунёда ахборот хуружи тобора авж олаётган бугунги кунда Қуролли Кучларимиз салоҳиятини мустаҳкамлаш, халқ ва армия бирдамлигини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этиши кераклигини таъкидлади.
«Бу полигон халқаро стандартларга мос бўлиши керак. Аскар ва зобитларни тайёрлаш шунга мувофиқ бўлиши зарур. Бунинг учун сифат, жанговар маҳоратга алоҳида эътибор қаратиш лозим», деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ҳарбийларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли қучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади.
«Кейинги йилларда байрам арафасида учрашиш анъанага айланди. Бугунги Қуролли Кучларимиз беш йил олдинги армия эмас. Мудофаа доктринамиз бўйича қилинган ишлар натижасида миллий армиямизнинг салоҳияти ҳар томонлама ошди. Эришган муваффақиятларимиз билан бирга олдимизда кўп режалар, вазифалар турибди. Қўшинларнинг жанговар ҳолатини янада мустаҳкамлашимиз керак. Бунинг учун билим, тажриба, тайёргарлик зарур», деди Шавкат Мирзиёев.
Президент қўшинларнинг жанговар қобилияти ва тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Шундан сўнг давлат раҳбари Тошкентга қайтиб келди.
Мавзуга оид
19:45 / 06.02.2024
Электромобил тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари тақдимот қилинди
19:10 / 22.01.2024
Президентга спортдаги натижалар ва режалар бўйича ахборот берилди
19:05 / 22.01.2024
«Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» ташкил этилади
09:47 / 19.01.2024