Фан-техника | 14:47 / 15.01.2021
14266
3 дақиқада ўқилади

Интернетда келажак велосипеди деб таърифланаётган Tesla Model B ҳақида маълумотлар пайдо бўлди

Саноат дизайнери Кендалл Тернер кўзни қамаштирувчи велосипед дизайни концепциясини ишлаб чиқди.

Ақлли ва самарали шахсий транспорт воситаси

Илон Маск ва унинг Tesla компанияси дунёни доим антиқа маҳсулотлар билан ажаблантириб келган. Бир сафар хавфсиз огнемётлар тақдим қилган бўлса, янаги сафар қизил иштонлар чиқарди ва орада оригинал шишада текила сотишни ҳам унутмади. Воқеаларнинг бундай ривожи фонида супервелосипед концепти бемалол ишонса бўладиган лойиҳа.

Янги велосипед Tesla’нинг шахсий транспорт фалсафасига тўла мос тушади – улов электрда юради ва жудаям «ақлли». Унга ўрнатилган автопилот нафақат тўлиқ автономлик ва хавфсизликни таъминлайди, балки йўловчини манзилга тезроқ етказади ҳам.

  • Tesla Model B бу оддий велосипедлар ва Tesla автомобиллари ўртасидаги кўприк. Кўплаб датчиклар атрофни кўздан кечириб, велосипедчи атрофида «»ҳимоя қобиғи» ҳосил қилади ва ўз вақтида муаммолардан хабардор қилади.

Tesla Model B’нинг ҳар бир ғилдираги ўз моторига эга. Икки ғилдиракдаги моторлар бир бўлиб, икки карра тортишни таъминлайди. Ғилдиракларга одатий симлар ўрнига амортизатор ўрнатилган ва бу равон юришни таъминлайди.

Йиғилувчи рул ва педаллар велосипед асосига ўрнатилган. Рул ҳам янгича схемада ишлайди – унинг керакли тарафига бироз куч бериш орқали бурилиш мумкин. Яъни бурилиш учун рулни фалон даражага айлантириш шарт эмас. Бежиримгина ускуналар панели асосга ўрнатилган бўлиб, кўплаб функцияларни бажариши ва зарур ахборотни акс эттириши мумкин.

Tesla Model B’нинг энг ғаройиб хусусияти – ҳайдовчига юқори даражадаги хавфсизликни тақдим этувчи автопилотдир. Велосипеддаги икки карра тортиш қобилияти нишаб дўнгликлардан осонликча ўтиб кетиш ва йўлнинг хавфли қисмини тезда тарк этиш имконини беради.

Оқ-қора келажак электровелосипеди Илон Маскнинг ақлли электр транспорт концепциясига роса мос тушади. Ҳозирда Tesla Model B оммавий ишлаб чиқаришга қўйилгани ҳақида маълумот йўқ. Лекин Tesla истиқболи порлоқ лойиҳаларни амалга тезда татбиқ эта олиши билан ҳам ном қозонганини ҳисобга олсак, ақлли велосипед тез орада бозорда пайдо бўлса керак.

Мавзуга оид