Жаҳон | 22:16 / 15.01.2021
1989
2 дақиқада ўқилади

Европага Pfizer вакцинасини етказиб бериш 3-4 ҳафтага кечиктирилади

Pfizer бажарилаётган ишлар феврал ўрталаридан ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишини маълум қилган.

ЕИ мамлакатларига Германиянинг BioNTech ва Американинг Pfizer компаниялари ишлаб чиқарган коронавирусга қарши вакцинани етказиб бериш бир неча ҳафтага кечиктирилади.

"Еврокомиссия ва ЕИ мамлакатлари Puurs заводи фаолиятида ўзгаришлар бўлгани сабабли Pfizer илгари ваъда қилган ҳажмни кейинги уч-тўрт ҳафта давомида етказиб бера олмаслиги тўғрисида охирги дақиқаларда хабардор қилинди", - дейилади Германия соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Вазирликнинг маълумот беришича, Pfizer бажарилаётган ишлар феврал ўрталаридан ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишини маълум қилган.

Қайд этилишича, "Германия Еврокомиссия Pfizer компаниясидан вакцинани етказиб бериш муддати бўйича иложи борича тезроқ аниқ маълумот олишини кутмоқда".

Дания, Латвия, Литва, Финляндия, Швеция ва Эстония соғлиқни сақлаш вазирлари қўшма мактубида коронавирусга қарши вакцина етказилиши тўхтаб қолишидан хавотир билдирган.

Европа комиссиясига йўлланган мактубда вазирлар мавжуд вазиятни қабул қилиб бўлмаслигини ва вакцинация жараёнига бўлган ишончни пасайтиришини баён қилишган.

Ўтган ҳафтада Евроиттифоқ BioNTech ва Pfizer компаниялари билан коронавирусга қарши қўшимча 300 млн доза вакцина сотиб олиш бўйича шартнома имзолагани хабар қилинганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид