Ўзбекистон | 21:22 / 16.01.2021
7552
4 дақиқада ўқилади

Наманган шаҳрида ўтган фестивалда 1,5 мингдан ортиқ аёлларнинг ижтимоий муаммолари ҳал этилди

Фестивал доирасида «Меҳр-3» операциясида вилоятга олиб келинган хотин-қизларга 50 та тикув машинаси, 50 та чангюткич, 50 та микротўлқинли печ, 10 та музлаткич ва 10 та ногиронлар аравачаси ҳам топширилди. 

Вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ташаббуси билан бугун, 16 январ куни ташкил этилган, «Аёл — дунё безаги, меҳр-муҳаббат рамзи» шиори остида ўтган фестивал хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофаза қилиш, кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш каби кўплаб тадбирларни қамраб олди.

Дастлаб вилоятнинг Давлатобод туманида жойлашган «Ёш куч» ўйингоҳида аёллар иштирокида «флешмоб» ўтказилди. Сўнгра «Қизил ярим ой» жамияти томонидан санитария-гигиена воситалари, тиббиёт аптечкалари жойлаширилган автокарвон Наманган шаҳри ва Давлатобод туманининг 40та маҳалласидаги 200та хонадонга ушбу тўпламларни ва 500 минг сўмдан пул маблағларини тарқатди.

Аёллар фестивали доирасида давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ бўлимлари биносида «Аёллар ҳуқуқий маслаҳатхонаси» ташкил этилди. Унда вилоят адлия ҳамда Давлат хизматлари агентлиги бошқармалари, адвокат, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус, судьялар, психолог, расмий отинойилар ва нуронийлар, «Мадад» ва «Қалб меҳри» нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида хотин-қизларга бепул юридик хизмат ҳамда психологик маслаҳатлар берилди.

Фестивал доирасида Наманган шаҳридаги «Тинчлик» стелласида бўш иш ўринлари «Меҳнат ярмаркаси» ҳам ташкил этилди. Унга шаҳарда «Аёллар дафтари»га киритилган 3 мингдан зиёд ишсиз аёллар жалб этилди. Шунингдек, субсидия асосида 110 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга тикувчилик машиналари топширилди.

Шаҳарнинг Уйчи кўчасидаги мусиқа мактабида «Аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож 200 нафар аёлларга ҳамда «Меҳр-3» операциясида вилоятга олиб келинган хотин-қизларга 50 та тикув машинаси, 50 та чангюткич, 50 та микротўлқинли печ, 10 та музлаткич ва 10 та ногиронлар аравачаси топширилди.

Олий таълим муассасаларида таълим олаётган 10 нафар қизнинг бир йиллик тўлов-шартномаси учун 35 миллион сўм, 15 нафар техникум талабалари бўлган қизнинг йиллик тўлов-шартномаси учун эса 63 миллион сўм, жами 98 миллион сўм ажратилди.

Шу куни Наманган шаҳридаги саккизта мактаб спорт залида тиббий кўриклар ташкилланди. Унда «Соғлом авлод учун» жамғармаси томонидан вояга етмаган болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. 60 нафар даволанишга муҳтож хотин-қизлар хусусий шифохоналарда бепул даволаниш, 200 нафарига эса диагностика марказларида текширувдан ўтиш учун йўлланма берилди.

«Ёшлар маркази»да Наманган шаҳридаги барча ўқув марказлари (тикувчилик, қандолатчилик, чеварчилик, кулинария)ни жалб қилган ҳолда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича намунали иш ташкил этганларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда 1-ўринга — 10 млн сўм, 2-ўринга — 8 млн сўм ва 3-ўринга — 6 млн сўм моддий рағбатлантириш сертификатлари топширилди.

Мазкур фестивал доирасида Наманган шаҳридаги 1500 дан ортиқ аёлларнинг ижтимоий муаммолари ҳал этилди.

Юлдузхон Юлдашева, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид