22:27 / 18.01.2021
4161

2021 йил учун давлат дастурида ҳаёт суғуртасини ривожлантириш кўзда тутилмоқда

Давлат дастурида ҳаёт суғуртаси тармоғида фаолият юритаётган суғурта ташкилотларининг фойда солиқ юкини икки бараварга камайтириш белгиланмоқда.

Фото: Shutterstock

2021 йил учун «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастури онлайн муҳокамага қўйилди.  Дастурнинг молия тизимини ислоҳ қилишга оид бандида ҳаёт суғурта тармоғини ва шахсий суғурта тизимини ривожлантириш масалаларига ҳам урғу берилган.

Ҳужжатда мазкур суғурта турларини оммалаштириш, янги суғурта инфляция омилларини ҳисобга олиш бўйича бир неча вазифалар белгиланган.  

Хусусан:

  • Ўзбекистон Республикасида ҳаёт суғурта тармоғини ҳамда шахсий суғуртани 2023 йилгача ривожлантириш;
  • янги ва замонавий сотиш инструментларини жорий этиш йўли орқали суғурта маҳсулотларини сотиш каналларини кенгайтириш;
  • муҳим суғурта маҳсулотларини энг қулай тўлов усулларида амалга оширилиши;
  • ҳаёт суғуртаси тармоғида фаолият юритаётган суғурта ташкилотларининг фойда солиқ юкини икки бараварга камайтириш назарда тутилади.

Дастурда мазкур вазифаларни бажариш муддати 2021 йил 1 сентябр этиб  белгиланган.

Молия, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари, Солиқ қўмитаси, Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ҳамда бир қатор манфаатдор вазирлик ва идоралар ижро учун масъул қилинган.

2020 йил бошида «Суғурта фаолияти ҳақида»ги қонуннинг янги таҳрири эълон қилинганди. Кейинроқ, 2020 йил 5 декабрда «Мажбурий суғурта турлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қонун мажбурий суғурта турлари бўйича муносабатларда қўлланилиши керак бўлган асосий принциплар ва қоидаларни белгилаши кутилмоқда.

Top