Уч киши жиноий режа тузиб, сохта ЙТҲлар ва қалбаки ҳужжатлар орқали суғурта ташкилотларидан суғурта тўловларини олиб келган. Уюшган гуруҳ 14 та эпизоднинг 8 тасида бу ишни уддалаган: суғурта компанияларидан жами 110 млн сўмга яқин маблағ суғурта товони сифатида олинган.



Ўзбекистон суғурта бозорида сохта ЙТҲларга асосланган уюштирилган суғурта фирибгарлиги схемаси аниқланди. Kun.uz ўрганган суд ҳукмига кўра, бир гуруҳ шахслар мунтазам равишда ЙТҲлар бўйича сохта ҳужжатлар тайёрлаб, суғурта тўловларини олиб келган.

Режа

Ушбу жиноят 3 киши – 30 ёшли А.А., 21 ёшли С.А. ва 24 ёшли З.Й. томонидан содир қилинган. Улар тегишли вазифа ва ролларини ўзаро тақсимлаб олишган.

Уюшган гуруҳга А.А. раҳбарлик қилган. У гуруҳ ишига янгидан жалб этилаётган бошқа шахсларга вазифалар белгилаш, содир этилиши кўзда тутилган сохта ЙТҲларни олдиндан режалаштириш, ЙТҲ тўғрисида хабарнома, “европротокол” бланкаларини ва алоқадор ҳужжатларни қалбаки равишда сохта маълумотлар асосида тўлдириш ҳамда суғурта ташкилотига тақдим этиш, суғурта товонларини ундириб олиш каби вазифаларни бажарган.

З.Р. ва С.А. эса гуруҳ томонидан сохталаштирилган тарзда уюштирилган ЙТҲларда жабрланувчи ёки ҳуқуқбузар сифатида иштирок этиш, ҳар бир эпизодда жабрланувчи сифатида иштирок этиши лозим бўлган янги шахсларни жалб этиш ва ЙТҲда машиналарни топиш вазифаларини ўзаро тақсимлаб олишган.

Жиноий схема

Эпизодларда асосан 2 та машина “жабрланувчи” сифатида иштирок этган: давлат рақами 01 L 368 AC бўлган оқ рангли Malibu ҳамда давлат рақами 01 С 897 МС бўлган қора рангли Malibu.

А.А. ва шериклари ушбу машиналар иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида ёзувлар киритган ҳолда расмий ҳужжатларни қалбакилаштиришган. Сўнгра сохталаштирилган ҳужжатларни суғурта компанияларига тақдим этган ҳолда суғурта товони ундиришган. Қўлга киритилган пулларни эса ўзаро тақсимлаб олишган.

Масалан, 2024 йил 15 январ куни соат 1:00 да Яшнобод тумани, Тузел қўрғони кўчасида давлат рақами 01 L 368 AC бўлган Malibu ҳамда Tracker машиналари иштирокида ЙТҲ бўлгани ҳақида сохта ҳужжатлар тайёрлашган. Кейин ушбу ҳужжатларни суғурта компаниясига тақдим этишган. Бу орқали Malibu ҳайдовчиси фойдасига суғурта товони сифатида 13 млн 758 минг сўм ундириб олишган.