Суҳбат давомида олим саводсизликка олиб келаётган омиллар, уларни бартараф этиш йўллари, кирилл ва лотин алифболари ўртасидаги фарқлар, уларнинг тўғри транслитерацияси борасидаги фикрларини билдирди.

“Савод дегани фақат ҳарфни таниш-у, ўқишгина эмас”

— Тўғри ёзиш, саводхонлик ҳақида кўп гапирамиз. Имло масаласи жамият учун қай даражада муҳим?

— Ўзини англаган ҳар бир халқ ўз ёзуви бўлишига, уни тўғри ёзишга ва бошқаларга етказишга ҳаракат қилади. Унинг аҳамияти шу қадар буюкки, бирор-бир тараққиётни ёзувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки у орқали маълум бир билим ва маҳоратга эга бўламиз, бошқа бир кишининг фикрини ўқиймиз, уқамиз.

Ўзбек халқи азалдан ўз ёзувининг чиройли бўлишига, унинг ҳуснихат шаклига жиддий эътибор қаратган. Ёзувда кишининг нафақат билими, балки унинг тафаккури, ички олами, дид-фаросати намоён бўлади. Биз ёзувнинг ҳам босма, ҳам ёзма шаклидан фойдаланамиз. Айрим халқлар эса фақатгина босма шаклни қўллайди.

Савод деганда фақат ҳарфни таниш, ўқиш тушунилмайди. Савод ўша сўзнинг тўғри қўлланиши ва тўғри ёзилиши билан боғлиқ. Айниқса, таржима асарларимизда жуда кўп сўзлар нотўғри таржима қилинади. Аниқроғи, тўғридан-тўғри таржима қилинади, бу эса таржима маҳорати йўқлиги, иккинчидан, таржима назариясидан билим етишмаслигидан дарак беради.

“Кўпчилик мен етарлича билимни олдим, менга энди етади деб ҳисоблайди”

— Саводсизликни йўқотиш ёки имло саводхонлигини ошириш учун, менимча, уни тарғиб қилиш керак, тарғиб қилиш учун эса илмий асослар етарлича ишланган бўлиши керак. Шу узвийликда қайси томон кўпроқ оқсаяпти деб ҳисоблайсиз?

— Юқорида ҳам таъкидладим, саводхонлик ўта муҳим масала, буни аввало, болаликдан ўргатиб бориш керак. Боғчадан бошлаб, мактаб, университет — ҳаммасида узлуксиз давом этади.

Бизда ўрта мактабни тугатган ёхуд бирор олий таълим муассасасини битирган одамларда шундай бир тасаввур бор: мен етарлича билимни олдим, менга энди етади, деб ҳисоблайди. Бу нотўғри қараш. Чунки тил бир жойда қотиб қоладиган догма эмас. У тўхтовсиз ўсиб боради. Истаймизми-йўқми, ҳар куни битта янги сўз қўшилади. Қайсидир сўзнинг маъноси тораяди ёки тилдан чиқиб кетади. Янги кириб келаётган сўзнинг ёзилиши эса мунозарали. Реал қарайдиган бўлсак, кўчалардаги ёзувларда жуда ҳам кўп хатоликлар бор.