19:53 / 18.01.2021
6411

Ўзбекистонда 2020 йилда оилавий ажримлар камайди

2020 йилда республикада 28,2 мингта никоҳдан ажралиш ҳолати қайд этилган. Ушбу кўрсаткич ўтган даврга нисбатан камайган.

Фото: Depositphotos

Давлат статистика қўмитаси 2020 йилда қайд этилган ажримлар сонини маълум қилди. Унга кўра, энг кўп никоҳдан ажралган Тошкент шаҳри, Сирдарё, Андижон ва Тошкент вилоятларида қайд этилган. Ўтган даврга нисбатан оилавий ажримлар ҳолати камайган.

Ҳар мингта оилага нисбатан энг кам никоҳдан ажрашганлар Қорақалпоғистон Республикаси (0,5), Қашқадарё (0,6), Хоразм (0,6) ва Сурхондарё (0,6) вилоятларида кузатилган.

Таъкидланишича, 2020 йилда кузатилган жами оилавий ажримларнинг ярмида эр-хотин ўртасида фарзанд бўлмаган, ажрашган оилаларнинг 29,3 фоизида битта фарзанд ҳамда 20,6 фоизида икки ва ундан ортиқ фарзанд бўлган.

Маълумот учун, 2019 йилда 31,4 мингта никоҳдан ажралиш ҳолати қайд этилган.

2020 йил 9 декабр куни Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилигида оилавий ажримларнинг олдини олиш, фарзанд таълим-тарбиясида ота-она масъулиятини ошириш, алимент тайинлаш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш масалалари таҳлил қилинганди.

Аввалроқ, Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилганлиги ҳақида маълумот берилганди.

Top