Иқтисодиёт | 21:23 / 21.01.2021
8349
3 дақиқада ўқилади

2020 йилда Ўзбекистоннинг асосий капиталига киритилган инвестициялар оқими пасайди

2020 йилнинг январ-декабр ойларида 202 триллион сўм асосий капиталга бўлган инвестициялар ўзлаштирилган. Уларнинг 65,4 фоизи жалб этилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилган, корхона, ташкилот ва аҳолининг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган сумма эса 34,6 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 8,2 фоизга кам.

Фото: Shutterstock

Давлат статистика қўмитаси 2020 йилнинг январ-декабр ойларида Ўзбекистоннинг асосий капиталига киритилган инвестиция миқдори ҳақида маълумот берди.

Маълумотга кўра, ўтган йили жами инвестициялар ҳажмида, марказлашган молиялаштириш манбалари ҳисобидан асосий капиталга инвестицияларнинг улуши 2019 йилнинг мос давридаги улушга нисбатан 8 фоиз пунктда камайиб, 19,5 фоизни ёки 39 триллион 310 миллиард сўмни ташкил этган.

Мос равишда, марказлашмаган молиялаштириш манбалари ҳисобидан 162 триллион 289,9 миллиард сўм ёки жами инвестицияларнинг 80,5 фоизи ўзлаштирилиб, 2019 йилнинг мос давридаги кўрсаткичга нисбатан 8 фоиз пунктга кўпайган.

Давлат, маҳаллий ҳокимият органлари даражасида яратиладиган пул маблағлари фондлари – марказлашган фондлар деб, хўжалик субъектлари даражасида, уй хўжаликлари миқёсидаги пул фондлари эса марказлашмаган фондлар деб номланади.

2020 йилнинг январ-декабр ойларида корхона ва ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган асосий капиталга инвестициялар 51 триллион 911 миллиард сўм ёки жами асосий капиталга инвестицияларнинг 25,7 фоизини ташкил этган. Аҳоли маблағлари ҳисобидан жами асосий капиталга инвестицияларнинг 8,9 фоизи ёки 18 триллион 77 миллиард сўми ўзлаштирилган.

Тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 28 триллион 740 миллиард сўмни ташкил этган ва 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 5,3 фоиз пунктга камайиб, 14,2 фоизни ташкил этгани маълум қилинди.

2020 йил январ-декабр ойларида 86 триллион 647 миллиард сўм ёки асосий капиталга инвестицияларнинг 42,9 фоизи хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобидан ўзлаштирилган. Жами хорижий инвестиция ва кредитлар таркибида хорижий инвестициялар 32 триллион 847 миллиард сўмни ташкил этган ва қолган 53 триллион 799,8 миллиард сўм хорижий кредитлар ҳисобига тўғри келганлиги маълум қилинган.

Асосий капиталга инвестицияларнинг иқтисодий фаолият турлари бўйича таркибида қайта ишлаш саноати етакчилик қилган. Ушбу иқтисодий фаолият турида жами молиялаштириш манбалари ҳисобидан 62 триллион 805 миллиард сўм ёки жами асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг 31,1 фоизи ўзлаштирилган. Кейинги ўринларда тоғ-кон саноати(11,6 фоиз) ва турар жой қурилиши(9,5 фоиз)га энг кўп инвестиция жалб қилинган.

Маълумот учун, 2019 йил давомида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан инвестицияларни ўзлаштириш ҳажми 220,7 триллион сўмни ташкил қилган.

Мавзуга оид