Қуйида интервьюнинг сўнгги 3-қисми матни билан танишишингиз мумкин.

— Бугун Ўзбекистонда ҳокимият органларининг очиқлигини қандай баҳолайсиз? Ўзи умуман, ҳокимият органларида очиқлиқ қандай бўлиши керак?

Охирги вақтларда Ўзбекистон дунёда энг кўп олтин сотаётган давлат сифатида кўп тилга олиняпти. Сизнингча, бундан келаётган пуллар ҳисоби, бюджет маблағлари сарфи халққа тўлиқ бериляптими?

Бу борада давлат қарзларининг ошиб бораётгани, давлат харидлари масаласи ҳам охирги вақтларда жуда жиддий муҳокама қилиняпти.

— Ҳокимият органларининг очиқлиги борасида бир қадар ўсиш бор. Буни нафақат мен ва «Open Distro for Elasticsearch» ташкилоти ҳам эътироф этяпти. Шу ташкилот маълумотига кўра, Ўзбекистон ҳокимият органларининг маълумот тақдим этиши бўйича бирданига 126 поғона юқорилаган.

Сиз сўраган олтин сотилиши ҳисоби авваллари сир сақланган бўлса, ҳозир очиқ айтиляпти. Статистика қўмитасида ҳам ахборотлар таснифланган ҳолда жойлаштирилган.

Масалан, яқинда менга ўтган йилларда туҳмат ва ҳақорат учун қанча одам жазолангани бўйича маълумот керак бўлди. Шу савол билан Олий судга мурожаат қилиб, жавоб ололмадим. Судьялар ассоциацияcидан ҳам сўровимга жавоб бўлмади. Кейин қарасам, бу маълумот аллақачон сайтга жойлаштириб бўлинган экан.

Олий судда эса сўровим бир бўлимдан бошқасига айланаверди. Ўзлари ҳам бу каби маълумотлардан хабарсиз шекилли.

Давлатимизнинг ташқи қарзи ошиб бораётгани ҳам ҳаммага маълум. Лекин кўряпсиз, ҳукуматдагилар халқни ҳаяжонланмасликка чақиришяпти.

Аслида ташқи қарз давлат бюджетининг ёки ялпи ички маҳсулотининг 50 фоизидан ошса хавф туғдиради. Тўғри, ҳозирча бунга бормадик, лекин қарз олиш суръатимиз баланд ва хавфга қараб кетяпмиз.

Давлат олган қарзларнинг нимага сарфланаётгани иккинчи масала.

Агар келаётган пуллар коррупция қилиниб, еб юборилса, эртага уни шу халқ тўлайди. Биз бўлмасак, фарзандларимиз тўлайди. Чунки қарз солиқлардан қайтарилади. Шунинг учун биз унинг нимага сарфланганини билишимиз керак.