Ўзбекистон | 11:42 / 23.01.2021
16796
2 дақиқада ўқилади

Марғилонлик 12 яшар бола Кореяда ўтказилган танловда ғолиб бўлди

Абдулбосит болаларга корейс тилини ўргатувчи китобча чиқарган. Шу боис Korea Multicultural Youth Awards танловида ғолиб бўлиб, 1 миллион вон пул мукофотини қўлга киритди. У ушбу маблағни янги китобча ёзишга сарфламоқчи.

Абдулбосит Абдулҳамидов асли марғилонлик. Отасининг фаолияти Жанубий Корея билан боғлиқлиги сабабли 2017 йилда бу мамлакатга боради ва ўқишни маҳаллий мактабда 3-синфдан давом эттиради.

12 ёшли ўқувчи ҳозирда Кёнгидо провинциясидаги Хвасон шаҳрида ўрта мактабда ўқияпти.

Отасининг Kun.uz'га маълум қилишича, дастлаб корейсчани мутлақо билмаган Абдулбосит бу тилни тезда ўзлаштириб олган, 2019 йилда мактабнинг энг яхши ўқувчиси сифатида тақдирланган.

Абдулбосит Абдулҳамидов (суратда ўнгдан иккинчи)

«2020 йилда тилни қандай ўзлаштиргани бўйича китобча чиқарди. Бошланғич корейс тилини ўрганиш учун рус тилида сўзлашувчи мактаб ўқувчилари бу китобчадан фойдаланишлари мумкин. Китобча русча-корейсча ўқув қўлланмаси сифатида Кореяга янги келган ўқувчилар учун мактаб кутубхоналарига тарқатилди. Китобчада кундалик ҳаётда энг кўп ишлатиладиган сўзлар ва иборалар жамланган.

Корейс тилини ўрганишнинг креатив усулларини ишлаб чиққани учун бу китобча билан Korea Multicultural Youth Awards иқтидорли ёшлар танловида ғолиб бўлди. Унга давлат томонидан 1 000 000 вон (910 доллар атрофида) мукофот пули ҳам ажратилди.

Ўғлим бу пулни Кореяга келиб, корейс тилини ўрганмоқчи бўлган болалар учун яна китоб ёзишга сарфламоқчи», – дейди Абдулбоситнинг отаси Исмоилжон Абдулазизов.

Маълумот учун, Korea Multicultural Youth Awards танловини Жанубий Кореянинг энг йирик нашрларидан бири – The Korea Times газетаси таъсис этган. Танлов мамлакатда яшаётган турли миллат вакилларининг фарзандлари орасидан иқтидорлиларини топиб, тақдирлашга қаратилган.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид