Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2020 йилда аҳолининг умумий даромадлари ҳақида маълумот берилди
2020 йилнинг январь-декабрь ойларида аҳоли даромадларининг номинал ўсиш суръати 15,9 фоиз, мос равишда аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 2,6 фоиз бўлган.
Давлат статистика қўмитаси 2020 йилнинг январь-декабрь ойларидаги аҳолининг умумий даромадлари ҳақида маълумот берди.
Қўмита ахборотига кўра, 2020 йил давомида аҳолининг умумий даромадлари 405,1 триллион сўмни ташкил қилган. Аҳоли даромадларининг номинал ўсиш суръати 15,9 фоиз, мос равишда аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 2,6 фоиз эканлиги қайд этилган.
Номинал даромадлар, масалан, ишчининг муайян вақт давомида (ойда, йилда) оладиган даромади ҳисобланади. Реал даромадлар эса номинал даромадлар харид қувватининг ўзгаришини ифодалайди, яъни олинган даромадга қанча миқдордаги товар ва хизматларни харид қилиш мумкинлигини кўрсатади.
Реал даромад номинал даромад ҳажмини истеъмол нархлари индекси (инфляция даражаси)га бўлиш орқали аниқланади. Шунинг учун, аҳоли даромадларини йиллар ва ҳудудлар бўйича таққослаганда номинал даромаддан эмас, реал даромаддан фойдаланилади.
Бундан ташқари, аҳоли жон бошига умумий даромадлари 11 миллион 700 минг сўмни ташкил қилган. Мос равишда аҳоли жон бошига умумий даромадларининг номинал ўсиш суръати 13,7 фоизни, реал ўсиш суръати 0,7 фоиз эканлиги қайд этилган.
2020 йилнинг январь-декабрь ойларида аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажми Тошкент шаҳрида, Навоий, Бухоро, Тошкент, Хоразм вилоятларида ўртача республика даражасидан юқори кўрсаткичлар қайд этилганлиги кузатилган. Шу ўринда аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажми энг қуйи кўрсаткичлари Фарғона, Наманган вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилган.
Таъкидланишича, аҳоли умумий даромадларининг 69,3 фоизини меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар, 25,5 фоизини трансфертлардан олинган даромадлар, 3 фоизини мол-мулкдан олинган даромадлар, 2,2 фоизини шахсий истеъмол учун ўзида ишлаб чиқарилган хизматлардан олинган даромадлар ташкил қилган.
Аввалроқ 2020 йилда республика ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)нинг ўсиш суръати 1,6 фоизни ташкил қилганлиги маълум қилинганди.