Жаҳон | 18:45 / 28.01.2021
11066
2 дақиқада ўқилади

Навальнийни озодликка чиқариш бўйича даъво аризаси рад этилди

Москва област суди 30 кунга эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальнийни озод қилиш бўйича киритилган апелляция аризасини қаноатлантирмади. Бу ҳақда «Медуза» нашри ёзмоқда.

SERGEI BOBYLEV/TASS

Навальнийнинг ҳимоячилари арзномада қонунга тўғри келмайдиган қатор ҳолатларни санаган. «Масалан, биринчи инстанция суди Навальнийни сақлаб туриш муддатини узайтирди. Ваҳоланки, Жиноят-процессуал кодексида эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаш муддати 30 кундан ошмаслигини назарда тутади», дейилган хабарда.

«Барчаси очиқчасига қонун бузилиши. Суд мажлисининг протоколини ўқидингизми? Ўқиган бўлсангиз, бутун Москва области судининг ҳаракатларига кулгандирсиз ҳойнаҳой», деган видеоконференция кўринишида олиб берилган суд мажлисида Навальний. Суд «Матросская тишина» номли тергов ҳибсхонасида ўтказилган.

Суд мажлиси давомида прокуратура вакили Навальний адвокатининг уни озодликка чиқариш бўйича арзномасини рад этган.

Коррупцияга қарши курашиш фонди асосчиси Алексей Навальний 17 январ куни Германиядан Россияга қайтиши билан қўлга олинганди. 2020 йилнинг 20 августида заҳарланиш ташхиси билан касалхонага тушган Навальний 22 август куни Германияга олиб кетилган ва 7 сентябргача комада бўлганди. Шундан кейин 4 ой давомида Берлинда қолган Навальний 17 январ куни Россияга қайтди. Сиёсатчи қўлга олинганидан икки кун ўтиб, 19 январ куни унинг Владимир Путинга қарашли сарой борлиги ҳақида катта суриштируви эълон қилинди. YouTube'га жойланганига 10 кун бўлган суриштирув 99 миллион мартага яқин кўрилган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид