08:43 / 28.01.2021
9023

Тошкентда мактаблардан техника ўғирлаш билан шуғулланган гуруҳ аъзолари қўлга олинди

2021 йилнинг 17 январь куни Тошкент шаҳри Бектемир туманида жойлашган умумий ўрта таълим мактаби директори 56 ёшли Н.К. Бектемир тумани ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилган, деб хабар бермоқда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

У мактаб биносидаги ўқитувчилар хонасида турган, давлат томонидан мактаб учун ажратилган жами 17 дона Корея Республикасида ишлаб чиқарилган “Jooyon” русумли компьютер техникалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари номаълум шахслар томонидан ўғирлангани ҳақида хабар берган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б, в, г” (ўғрилик) бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни психотроп моддалар таъсирида 29 ёшли Д.О., 20 ёшли Н.А. ва 26 ёшли Б.Т. содир этганликлари аниқланган ҳамда улардан компьютер мосламалари ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган. 

Олиб борилган дастлабки тергов давомида ушбу жиноий гуруҳ Тошкент шаҳрининг бошқа туманларида жойлашган умумий ўрта таълим мактабларида ҳам ўғрилик жиноятини содир этганликлари аниқланган.

Дастлабки тергов жараёнида мазкур жиноят ишида Д.О., Н.А. ва Б.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б, в, г” бандлари, 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айб эълон қилиниб,  уларга  нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси  қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади маълумотда.

Top