Жамият | 13:16 / 22.01.2026
2366
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда “закладка” билан боғлиқ ҳолат: катта миқдорда гиёҳванд моддалар мусодара қилинди

ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва пойтахт ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “закладка” қўйишни режалаштирган шахс ушланди. Тезкор ҳаракатлар давомида ундан ва турли ҳудудлардаги манзиллардан жами катта миқдорда “гашиш” ҳамда “мефедрон” ашёвий далил сифатида олинди.

Фото: ДХХ

ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда пойтахт ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Бектемир тумани ҳудудида “закладка” қўйишни режалаштирган, Жиззах вилояти Зафаробод туманида доимий рўйхатда турувчи, 1992 йилда туғилган шахс ушланди.

Маълум қилинишича, унинг ёнидан 6 грамм “гашиш” ва 5 грамм “мефедрон” гиёҳвандлик воситалари аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахс устачилик қилаётган Тошкент вилояти Тошкент туманидаги янги қурилаётган ҳовли уй кўздан кечирилганда, бу ердан жами 1 кг 700 грамм “гашиш” ва 500 грамм “мефедрон” ашёвий далил сифатида мусодара қилинди.

Шунингдек, унинг доимий истиқомат қиладиган Зафаробод туманидаги уйидан ҳам 800 грамм “мефедрон” синтетик наркотик моддаси олинган.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари доирасида унинг эҳтимолий жиноий шерикларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид