Жаҳон | 23:40 / 29.01.2021
22806
2 дақиқада ўқилади

Тайваннинг мустақиллиги урушни англатади – Хитой 

Хитой мудофаа вазирлиги Тайваннинг мустақил бўлишга уриниши бўйича ўз фикрини билдирди. Вазирликда таъкидланишича, Тайваннинг мустақиллиги “урушни” англатади.

Фото: EPA

Хитой мудофаа вазирлиги расмий вакили У Цяннинг таъкидлашича, Хитой армияси Тайванни Хитойдан ажратишга ҳар қандай уринишларни бостириш учун барча зарур чораларни кўради. У Тайваннинг мустақиллиги “уруш”ни англатишидан огоҳлантирди.

“Биз Тайваннинг мустақиллиги тарафдорларини огоҳлантирамиз: олов билан ўйнашадиганлар ёниб кул бўлади. Эслаб қолинг, Тайваннинг мустақиллиги урушни англатади”, деб айтган Хитой вакили. 

Ушбу огоҳлантириш Пекин ҳарбий ҳаракатларни фаоллаштириб, Тайваннинг ҳаво ҳудудида қирувчи самолётларни жойлаштирганидан бир неча кун ўтиб янграган. 

Ушбу ҳаракатлар Тайван ва АҚШ ўртасидаги яқин алоқалар ортида юз бермоқда. Жумладан, АҚШнинг янги президенти Жо Байден инаугурацияси вақтида Тайван вакили ҳам иштирок этган. Вашингтон АҚШ Тайванни қўллаб-қувватлашда давом этишини айтгани ҳам Хитой ҳукумати томонидан салбий қабул қилинган. 

Ўз навбатида, Тайваннинг қитъа ишлари бўйича кенгаши Хитойга теран ўйлаб кўришни ва оролнинг ўз эркинлигини ҳимоя қилишда нияти қатъийлигига беписанд қарамасликни “маслаҳат қилган”. 

Тайван ороли 1949 йилда генерал Чан Кай-Ши Хитой етакчиси Мао Цзэдун тузуми билан фуқаролик урушидан кейин ўз тарафдорлари билан оролда яширингандан бери ўзини бошқариб келади. Пекин эса Тайванни ўз провинцияси деб ҳисоблайди ва аксарият давлатлар ҳам оролни Хитойнинг ажралмас қисми деб тан олади. Бироқ АҚШ ҳукумати Тайванни Хитойнинг “демократик қўшниси” деб ҳисоблайди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид