10:14 / 29.01.2021
15198

Тошкентда ўзини ҳокимлик ходими деб таништириб, фуқароларни 153 минг долларга «ухлатган» шахс ушланди

2021 йил 22 январь куни Ички ишлар вазирлигига фуқаро С.Г. ариза билан мурожаат қилган, деб хабар бермоқда ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси.

Фото: IIV.uz

Қайд этилишича, у ўзини Учтепа тумани ҳокимлигида ишловчи "Абдуфаттоҳ" деб таништирган шахс Сергели туманида қурилаётган арзон ва узоқ муддатли кредитга берилаётган кўп қаватли уйлардан 2та хонадон олиб беришни ваъда қилиб, олдиндан 2 000 АҚШ доллари беришини талаб қилаётганини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур аризага асосан, шу куни ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро А.А. Учтепа туманидаги Шофайз кўприги яқинида ариза муаллифи Г.С.дан 2 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши юзасидан олиб борилаётган тергов ва тезкор қидирув тадбирлари давомида аниқланишича, фуқаро А.А. шу кунга қадар яна 70 нафар фуқарога Сергели туманида қурилаётган арзон ва узоқ муддатли кредитга берилаётган кўп қаватли уйлардан олиб беришга ишонтириб, улардан жами 153 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни қўлга киритган.

Жабрланувчилар кўлами ва А.А.нинг жиноий шерикларини аниқлашга қаратилган тергов ва тезкор қидирув тадбирлари давом этмоқда.

Top