Навбатдаги манзилимиз – Фарғона вилояти Қўштепа тумани Лангар маҳалласи бўлди.

Маҳаллага кириб борарканмиз, дастлаб диққатимизни тортган нарса – қачонлардир маҳалла аҳли ҳашар йўллари билан тиклаган симёғочлар бўлди.

Симёғочлар аллақачонлар муддатини ўтаб бўлган, тагидан емирилиб, чириб бўлган. Айрим жойларда эса қўлбола симёғочлар ҳам йўқ, симларни уйларнинг томига ўрнатилган ёғочлар ушлаб турибди.

Узоқдан челаклар кўтариб келаётган одамлар маҳаллага ичимлик суви ҳамон тортилмаганидан дарак берарди. Кимдир аравада, бошқаси қўлида сув идиш кўтарганча кўчадан келарди.

Кўчада эшак араваларга ўтин, чарм, пластик идишлар ортиб келаётган болакайлар, дарахтнинг кесилган шохини тиркама араваларда машинасида тортиб келаётган одамларга кўзимиз тушди.

Тирикчилик ташвишида қишлоқда тиним йўқ. Хонадонлардаги мўрилардан тутун бўралаб чиқаётганига қараганда, қишлоқ газ тармоғидан ҳам мосуво. Оилалар исиниш учун печкаларга ўтин ва кўмир қалашмоқда.

Кўчаларини айланар эканмиз, сувоқлари кўчган, бир қарашда ғариброқ кўринган хонадон эътиборимизни тортди.

Хонадонга киришдан аввал маҳалла фаолларидан оиланинг бугунги ижтимоий аҳволи ҳақида сўрадик.

Маҳалла аҳлининг айтишига қараганда, бу уйда умргузаронлик қилган оила боши Худойберди ака 2009 йилда вафот этган. Ҳозирда рўзғор тебратиш вазифаси унинг беваси Шоира опанинг гарданида экан.