Спорт | 18:01 / 02.02.2021
6600
6 дақиқада ўқилади

«Марсель» ҳимоячиси Ливерпулга рейсдан тушиб қолди, Италияда Жеко туфайли можаро. Барбод бўлган олти трансфер ҳақида

Европада қишки трансферлар доирасининг сўнгги кунида амалга ошиши кутилган аммо барбод бўлган энг қизиқарли трансферлар келтирилади.

Чалета-Цар барибир Ливерпулга уча олмади
«Ливерпуль» учун марказий ҳимоячи — трансферлар дед-лайнида Европадаги асосий мавзулардан бири бўлди. Англия чемпионлари жароҳат туфайли Виржийл ван Дейк, Жоэл Матип, Жо Гомес, шунингдек, сўнгги вақтларда марказий ҳимоячига айлантирилган таянч яримҳимоячиси Фабиньони йўқотишганди. Эндиликда Клопп жамоа ҳимоясида Жордан Ҳендерсонни ўйнатишга мажбур бўлмоқда, шу туфайли клуб трансферлар бозорида катта иш олиб боришига тўғри келди.

Якунда «қизиллар» «Шальке»дан 20 ёшли турк Озан Кабакни ва «Престон»дан 25 ёшли Бен Дэвисни сотиб олди. Аммо бу футболчилар аввалбошдан «Ливерпуль» селекционерлари рўйхатида эмасди, жамоанинг биринчи рақамли нишони — «Марсель»нинг 24 ёшли футболчиси Дуйе Чалета-Цар эди. RMC Sport нашри якшанба куни кечқурун томонлар трансфер суммаси (28 миллион доллар) борасида келишувга эришгани, хорватиялик футболчининг ўзи ҳам «Ливерпуль» билан оғзаки шартнома бўйича келишиб қўйгани ва аэропортга чартер буюртма қилиш учун боргани ҳақида хабар тарқатди. Аммо футболчи ҳеч қаерга учиб кета олмади: «Марсель» унинг ўрнига бошқа футболчи топишга улгурмади ва музокараларни тўхтатди.

Шунингдек, «Ливерпуль» «Байер» билан Эдмонд Тапсобанинг трансфери бўйича музокаралар олиб борган, аммо Леверкузендагилар 22 ёшли буркинолик учун 50 миллион евро сўраган.

Эриксен «Интер»да қолди

Кристиан Эриксен «Интер»дан кетиши ҳақидаги гаплар декабрдан буён тўхтамаганди, аммо бу гаплар ҳеч қандай трансферга сабаб бўлмади: даниялик футболчи Миланда қолди. Қолаверса, Эриксен ўтган ҳафтада Италия кубоги чорак финалида «Милан»га қарши кечган ўйиннинг иккинчи бўлимига қўшиб берилган саккизинчи дақиқада ғалаба голини урганди. «Кристиан — жуда ақлли йигит. Унинг голи ҳал қилувчи бўлганидан хурсандман. Жамоада барча уни яхши кўради, ҳали кўрасиз, у етакчи бўлади. Қишда «Интер» ҳеч кимни сотиб олмайди ва ҳеч кимни сотмайди», — деганди шу кунларда «Интер» бош мураббийи Антонио Конте RAI Sport учун берган интервьюсида.

Италиялик журналист Фабрицио Романо «Тоттенҳэм» ушбу собиқ футболчисини ҳавбек Деле Алли ўрнига олиб келмоқчи бўлгани, аммо клублар келиша олишмаганини ёзди. «Лестер» ҳам Эриксеннинг агенти билан алоқага чиққанди.

«Тоттенҳэм» Аллини қўйиб юбормади

«Интер» Эриксенни қўйиб юбормаганидан Алли жабр кўрди: «Тоттенҳэм» ўз ярим ҳимоячиси кетишига рухсат бермади. Алли собиқ устози Маурисио Почеттино олдига, «ПСЖ»га йўл олмоқчи эди ва клублар ҳам келишув имзолашга яқин келишганди. Аммо «шпорлар» хўжайини Дэниэл Леви ўрнига бошқа футболчи топилмагани учун унга жавоб беришга рози бўлмади.

Алли «Тоттенҳэм» бош мураббийи Жозе Моуриньо билан зиддиятга борган, мураббий футболчини 13 январдан буён ўйинларга заявка қилмаяпти. Сўнгги кунларда у кетишга ҳозирланиб, жамоа машғулотларини ўтказиб юборганди.

Иско яна ўйин амалиётисиз қоладиган бўлди

«Реал» яримҳимоячиси Иско бу мавсумда деярли ўйнамаяпти. У барча турнирлар доирасида жами 14 ўйин ўтказган, асосан иккинчи бўлимда захира ўриндиғидан ўйинга қўшилган.

Ўйин амалиётисиз қолаётган Иско раҳбариятга мурожаат қилиб, ўзини бошқа клубга қўйиб юборишни сўради.

Ушбу 28 ёшли яримҳимоячи учун асосий даъвогар «Арсенал» бўлганди, аммо лондонликлар «Реал»дан Мартин Эдегорни олишди. Иско Мадридда қолди, у энди терма жамоага чақириқ олиш ва Европа чемпионатида иштирок этиш имкониятидан деярли маҳрум бўлди.

«Барселона»дагилар 20 ёшли ҳимоячи учун жанжаллашди
«Барселона» «Манчестер Сити»дан 20 ёшли Эрик Гарсияни трансфер қилишни молиявий муаммолар туфайли кечиктирди. Каталонлар энди ушбу футболчини мавсум якунида эркин агент сифатида таркибга қўшиб олишга умид қилади.

Ёш футболчининг трансфери масаласи «Барса» раҳбариятида зиддият келтириб чиқарди — клуб президенти вазифасини бажарувчи Карлес Тускетс ва ушбу лавозимга номзод бўлган Жоан Лапорта бу масалада бир тўхтамга кела олишмади. Лапорта Тускетсни трансферни кечиктиргани учун клуб манфаатларига ишламасликда айблади. Ўз навбатида Тускетс уни таҳдид қилишни бас қилишни чақирди ва Лапортанинг фикри якуний қарор қабул қилишга таъсир ўтказмаганини қайд этди. 

Агентлар «Рома» ва «Интер» ўртасидаги йирик алмашувни барбод қилишди
Италияда катта трансфер барбод бўлди: «Интер» ва «Рома» Алексис Санчесни Эдин Жекога алмашиш бўйича келиша олишмади. «Интер» бош директори Беппе Маротта барчасида агентларни айблади. «Улар клуб вакиллари иштирокисиз музокара ўтказмоқчи бўлиб, ўзларини жуда ёмон тутишди. Якунда музокаралар амалда бошланмасдан тугади», деган Маротта DAZN учун берган интервьюсида.

Жеко «Рома» бош мураббийи Паулу Фонсека билан жанжаллашиб қолган ва машғулотлардан четлатилган. 34 ёшли босниялик футболчига «Вест Ҳэм», «Эвертон» ва «Фенербаҳче» клублари ҳам даъвогар бўлишганди, аммо бу фақат қизиқишлигича қолди. La Gazetta Dello Sport хабарига кўра, миланликлар Жекога катта миқдорда маош тўлашга рози бўлмагани трансферни барбод қилгани ҳақида ёзди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид