Азиз Абдуҳакимов: «Давлат дастури ижросини вақтида таъминламагани учун 8 нафар раҳбар лавозимидан озод этилди»
Давлат дастури ижросини вақтида таъминламагани учун 8 нафар раҳбар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 11 нафар раҳбарга нисбатан «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилган, 12 нафар раҳбарнинг фаолияти «қониқарсиз» деб баҳоланиб, 4 нафар раҳбарга уч ойлик синов муддати берилган, деди бош вазир ўринбосари.
Олий Мажлис Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» давлат дастурининг 2020 йил якунлари бўйича ҳукумат ҳисоботини тақдим этди.
Kun.uz мухбирига кўра, Азиз Абдуҳакимов ўз ҳисоботида дастлаб республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги бир қатор кўрсаткичларни келтириб ўтган.
«2020 йилда 2019 йилга нисбатан ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг ўсиши 101,6 фоизни ташкил қилди. Бунда саноат – 100,7 фоизни, хизматлар – 102,3 фоизни, қишлоқ хўжалиги – 103,0 фоизни, қурилиш ишлари – 109,1 фоизни кўрсатди.
Ҳисобот даврида жами хизматлар ҳажми 198,4 триллион сўмни ташкил қилди. Бу ўтган йилга қараганда 102,3 фоизга ўсган. Молия (24,9 фоиз), алоқа ва ахборотлаштириш (18 фоиз) соҳаларида кўрсатилган хизматларда ҳам юқори ўсиш суръатлари қайд этилди», – деди у.
Бош вазир ўринбосарига кўра, давлат 2020 йилда инфляция даражасини жиловлаш бўйича бир қатор чора-тадбирларни ишлаб чиққан.
«Жумладан, ички бозорда истеъмол товарлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш, инфляция даражасини 2020 йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичлар доирасида сақлаб қолиш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида 2020 йил декабр ойида ойлик инфляция 1,4 фоизга тенг бўлиб, йиллик инфляция кўрсаткичи 11,7 фоизни ташкил этди», – деди мулозим.
Абдуҳакимов ҳисоботида таъкидлашича, шу йилнинг 4-9 январ кунлари Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари бўйича давлат дастури якунлари юзасидан танқидий йиғилишлар ўтказилган.
«Натижада Давлат дастури ижросини ўз вақтида таъминламаганлиги ва ишга масъулиятсизлик билан ёндашганлиги учун 8 нафар раҳбар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 11 нафар раҳбарга нисбатан «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилган, 12 нафар раҳбарнинг фаолияти «қониқарсиз» деб баҳоланиб, 4 нафар раҳбарга уч ойлик синов муддати берилган.
«2021 йил учун давлат дастурининг тўлиқ ва сифатли ижро этилишини таъминлаш мақсадида эса ҳукумат назорати ўрнатилади», – дея ваъда берган Азиз Абдуҳакимов.
Мавзуга оид
22:40 / 19.10.2024
Миллион долларлик лицензия, ЕОИИга рад жавоби ва 2х ЯИМ прогнози — ҳафта дайжести
12:16 / 18.10.2024
7 йилда 2 баробар ўсиш? Ўзбекистон 2030 йилда ЯИМни 200 млрд долларга етказиши айтилди
00:42 / 16.10.2024
Дунё давлатларининг глобал қарзи йил охирига бориб 100 трлн доллардан ошади
10:21 / 11.08.2024