Жаҳон | 23:33 / 05.02.2021
12235
2 дақиқада ўқилади

Меркел немис дипломати чиқариб юборилиши сабабли Россияга қарши санкциялар билан таҳдид қилди

Германия ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас агарда Россия немис дипломатини чиқариб юбориш қароридан қайтмайдиган бўлса, ГФР жавоб чораларини кўришини маълум қилди. 

Фото: Reuters

Германия канцлери Ангела Меркел Россиядан немис дипломати чиқариб юборилиши муносабати билан ГФР Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш ҳуқуқини сақлаб қолишини эслатди.

"Биз санкцияларни давом эттириш ҳуқуқини сақлаб қолишимизни айтгандик, айниқса алоҳида шахсларга нисбатан", - деди Меркел журналистларга.

У шу билан бирга, Россия билан мулоқотни сақлаб қолиш керак деб ҳисобламоқда.

"Дипломатик вазифа – турли чуқур қарама-қаршиликларга қарамасдан, мулоқотни сақлаб қолиш", - деди Германия канцлери.

Меркел Россия билан ҳамкорликда иш олиб бориш зарур бўлган йўналишлар сифатида Ливия ва Беларусдаги вазиятни келтирди.

Ўз навбатида, Германия ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас агарда Россия немис дипломатини чиқариб юбориш қароридан қайтмайдиган бўлса, ГФР жавоб чораларини кўришини маълум қилди. 

 Унинг сўзларига кўра, ЕИ дипломатларини чиқариб юбориш қарорини "оқлаб бўлмайди" ва бу "Европа билан муносабатлар ёмонлашишини давом эттиради".

 У немис дипломати ўз вазифасини бажаргани, ушбу вазифа дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенцияси билан ҳимояланганлигини таъкидлади.

Аввалроқ Россия ТИВ Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган митингда қатнашгани сабабли Германия, Полша ва Швециянинг уч нафар дипломатини мамлакатдан чиқариб юборишини маълум қилганди.

Мавзуга оид