Иқтисодиёт | 19:48 / 06.02.2021
9207
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳудудида алоҳида ҳолларда товар, иш ва хизмат нархлари чет эл валютасида амалга оширилишига рухсат берилди

«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритилди. Унга кўра, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар ва ҳукумат билан инвестиция шартномалари доирасида товар, иш ва хизматлар нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига президент қарорлари асосида йўл қўйилади.

Фото: Getty Images

2021 йил 22 январдаги давлат-хусусий шерикликни такомиллаштиришга доир қонун билан «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасига ўзгартириш киритилди.

Бу ҳақда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Зокир Бозоров АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, валюта тўғрисидаги қонундаги 9-модданинг эски таҳририда республикада товарлар (ишлар, хизматлар) нархлари чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига йўл қўйилмаслиги белгиланган эди. Киритилган ўзгартириш билан мазкур жараёнда алоҳида ҳолатлар инобатга олиниши кўзда тутилган.

«Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига йўл қўйилмайди.

Алоҳида ҳолларда, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан инвестиция шартномалари доирасида жалб этиладиган чет эл инвестициялари иштирокида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари асосида йўл қўйилади» дейилади янгиланган меъёрда.

Аввалроқ, «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритилаётгани хабар қилинганди. Бу билан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим доирасида ўз ихтиёрларидаги объектларни, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, шу жумладан чет эл инвесторлари иштирокидаги лойиҳаларни ўз вақтида ва самарали амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаш ва мавжуд муаммоларни бартараф ҳал этиш бўйича чоралар кўриш ваколатлари берилиши қайд этилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонуни 1993 йил 7 майда қабул қилинган. 2019 йил 22 октябрда қонунга айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Мавзуга оид