10:49 / 07.02.2021
15898

Бухорода бозор маъмурияти интернет нашри фаолиятига тўсқинлик қилди

Фото: Bukhara News

6 феврал куни интернетда Бухородаги марказий бозор маъмурияти вакиллари Bukhara News нашри сўровномасини видеога олаётган ходимларнинг ишига тўсқинлик қилгани акс этган видео тарқалди. 

Бозор назоратчилари нашр ходимларига сўров ўтказишни тақиқлаб, улардан микрофон ва телефонни олиб қўйган. Нашр томонидан тарқатилган видеолавҳада тасвирланган шахс нашр вакиллари билан тортишиб, рухсатнома талаб қилгани, ўзи эса шахсини тасдиқлашдан бош тортгани, уларнинг қурилмаларини синдириб ташлаш билан таҳдид қилганини кўриш мумкин.

Бу воқеага дастлаб Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги муносабат билдирди.

«АОКА ўз ваколатлари доирасида ушбу ҳолатни ўрганиб чиқди ва томонларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва Бухоро вилоят ҳокимлигига мурожаат қилди», дейилади агентлик баёнотида.

Вилоят прокуратураси матбуот хизмати ҳам Бухоро Марказий деҳқон бозорида интернет нашри вакилларига тўсқинлик қилингани билан боғлиқ ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

«Вилоят прокуратураси томонидан жорий йилнинг 6 февраль куни Bukhara News интернет нашри вакилларининг қонуний фаолиятига Марказий бозор маъмурияти томонидан тўсқинлик қилинганлиги ҳолати ўрганиб чиқилди.

Bukhara News интернет нашри 2019 йил 11 октябрда оммавий ахборот воситаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат рўйхатидан ўтказилган.

Аниқланишича, Bukhara News интернет нашри ходимлари томонидан «Бухоро Марказий деҳқон бозори»да «Вилоятда ишга кириш пулликми?» мавзусида аҳоли орасида ижтимоий сўровнома ўтказилаётган вақтда бозор назоратчилари Т.Р ва М.А томонидан уларга тўсқинлик қилиниб, уларнинг қўлларидаги микрофон ва уяли алоқа телефонлари олиб қўйилган.

Шунингдек, Bukhara News интернет нашри ходимлари Ш.Ҳ ва Д.А билан ўтказилган суҳбат давомида назоратчилар Т.Р ва М.А уларни ҳақорат қилиб, бозордан чиқариб юборганликларини билдиришди.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади баёнотда.

Top