Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Mевалар нега қиммат?
Жорий йил 10–12 март кунлари айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати минус 6 даража атрофида кузатилган эди. Ўшанда совуқ эрта пишар мевалар ҳосилига таъсир қилиши айтилганди. Орадан 3 ой ўтиб, бозор расталари мавсумий мевалар билан тўла бошлади. Хўш буй ил мева нархлари қандай бўляпти? Kun.uz мухбири Чорсу бозорида бўлди.
Kun.uz Чорсу бозорида мевалар нарх-навосини ўрганди. Нархлар сотувчиларнинг ўзидан сўралди ва улар нархларни айтаётган пайт видеога олинди.
Кузатувларга кўра, бозорда шафтоли 50 минг сўмдан 60 минг сўмгача сотилмоқда. Ўрик нархи 55 минг сўмдан бошланади. Гилос 90 минг сўмдан 110 минг сўмгача, нок эса 80 минг сўм атрофида таклиф қилинмоқда. Қулупнай нархи 200 минг сўмдан 300 минг сўмгача айтилди. Олма эса 35 минг сўмдан сотилмоқда.
Бозорда мева бор. Танлов ҳам бор. Аммо нархлар кўпчилик харидор учун ҳали ҳам баланд. Айниқса, гилос, ўрик ва шафтоли каби мавсумий меваларнинг нархи оддий оила бюджети учун енгил эмас. Бир килограмм гилос 100 минг сўм атрофида бўлса, бу кўпчилик учун кундалик харид эмас, балки ўйлаб қилинадиган харажатга айланади.
Таққослаш учун, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 10 июнь куни айрим турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг улгуржи бозор нархлари ҳақида маълумот эълон қилган эди. Вазирлик маълумотида Қўйлиқ улгуржи деҳқон бозорида олма нархи 7 минг сўмдан 25 минг сўмгача, нок 13 минг сўмдан 40 минг сўмгача кўрсатилган.
Чорсу бозоридаги кузатувларда эса олма 35 минг сўмдан, нок 80 минг сўм атрофида сотилмоқда. Бу ерда бир муҳим фарқ бор: вазирлик маълумотлари улгуржи бозор нархлари, Чорсудаги нархлар эса чакана савдодаги реал ҳолат асосида олинган. Шундай бўлса-да, расмий жадвалдаги рақамлар билан харидор дуч келаётган нархлар ўртасидаги тафовут сезиларли.
Вазирлик шунингдек, “Эски жува” — “Чорсу” деҳқон бозорида мол ва қўй гўшти нархлари бўйича маълумотлар кечки соат 22:00 дан тунги 2:00 гача бўлган вақт оралиғида тўпланишини билдирган.
Март ойидаги совуқ ҳосилга таъсир қилган бўлиши мумкин. Аммо бугунги нархларни фақат совуқ билан изоҳлаб бўлмайди. Нархга ҳосил ҳажми, етказиб бериш харажатлари, улгуржи ва чакана савдо ўртасидаги фарқ, мавсум бошидаги талаб ва бозордаги умумий нарх муҳити ҳам таъсир қилади.
Ҳозирча Чорсу расталарида мева кўп, аммо нархлар кўпчилик харидорнинг чўнтагига мос эмас. Бозордаги асосий манзара шундай: мева пишган, лекин нархлар ҳали ҳам баландлигича қолмоқда.