Жаҳон | 19:31 / 09.02.2021
9368
2 дақиқада ўқилади

Евродепутатлар Москвага бориб келган ЕИ ташқи ишлар вазирининг истеъфосини талаб қилишди

Уларнинг фикрича, ЕИ дипломатияси раҳбари Россия вазири Сергей Лавровга қарши туриши ва дипломатлар чиқариб юборилиши ҳақида хабар топиши биланоқ ташрифини якунлаши лозим эди.

Жозеп Боррел ва Сергей Лавров / Фото: DPA

Европа парламентининг 80дан ортиқ депутати ташқи ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакил Жозеп Боррелнинг Россияга ташрифидан сўнг унинг истеъфосини талаб қилди. Евродепутатлар Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйенга бу борада мактуб йўллади, деб хабар бермоқда DPA агентлиги.

"Жаноб Боррел ўтган ҳафтада амалга оширган ташрифи давомида бир неча марта Европа иттифоқи манфаатларини ҳимоя қилмади", - дейилади мактубда.

 Улар Боррелни Москвага "камситилувчи" ташрифидан сўнг истеъфога чиқишга чақиришган. 

 "Агарда жаноб Боррел ўз ихтиёри билан истеъфога чиқмаса, Европа комиссияси раҳбари чора кўриши шарт деб ҳисоблаймиз", - дея қўшимча қилган евродепутатлар.

 Уларнинг фикрича, ЕИ дипломатияси раҳбари Россия вазири Сергей Лавровга қарши туриши ва дипломатлар чиқариб юборилиши ҳақида хабар топиши биланоқ ташрифини якунлаши лозим эди.

Ўтган ҳафтада Россия Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган митингда қатнашгани сабабли Германия, Польша ва Швециянинг уч нафар дипломатини мамлакатдан чиқариб юборишини маълум қилганди.

Уч нафар дипломатнинг чиқариб юборилиши Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва ЕИнинг ташқи ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ўртасида Москвада ўтказилган музокаралар давомида маълум бўлган.

Мавзуга оид