Ўзбекистон | 08:22 / 10.02.2021
15912
2 дақиқада ўқилади

Ички ишлар ходими формасини кийиб олиб, автомобил капоти устида ҳаракатланган фуқаро 5 суткага қамалди

2021 йил 6 феврал куни интернет тармоғида ички ишлар органлари ходими формасида бўлган номаълум шахснинг автотранспорт капоти устида ҳаракатлангани акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ видеолавҳани олишда қатнашган фуқароларнинг шахси Юнусобод тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан аниқланганини маълум қилди.

Қайд этилишича, 2021 йил 18 январ куни 24 ёшли Абдураҳмон З. таниши, 24 ёшли Алим К. билан бирга видеолавҳа суратга олиш ниятида дўконлардан биридан ички ишлар органи ходими формасини ижарага олишган, шунингдек, бозордан йўл-патрул хизмати ходимининг жезлига ўхшаш жезл ҳам харид қилишган. Мазкур шахслар таниши, 34 ёшли Отабек К.дан «ВАЗ-2106» автомобилини вақтинчалик фойдаланиш ниятида олишган, аммо уни бошқаришга ҳуқуқлари бўлмаган.  

Шундан сўнг, Юнусобод тумани Турғунбоев кўчаси «Ифтихор» маҳалласида Алим К. ички ишлар органи ходими формасини кийган ҳолда қўлида жезл билан автомобиль капотига ётган. 

«Шу тарзда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг обрў ва шаънига зарар етказувчи видеолавҳа суратга туширилиб, интернет тармоғида тарқатилган», - дейилади хабарда.

Ҳар иккала шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси («Майда безорилик») ва 209-1-моддаси («Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш») бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Бундан ташқари, Абдураҳмон З.га нисбатан транспорт воситасини ишончномасиз бошқаргани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси («Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши») бўйича баённома расмийлаштирилди. Автомобил жарима майдончасига жойланди.

2021 йил 8 феврал куни Юнусобод тумани жиноят ишлари бўйича суди томонидан Алим К. ва Абдураҳмон З.га нисбатан беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Мавзуга оид