Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Лавозим наҳотки бадиий ночор асарларни эълон қилиш ҳуқуқини берса» – Адабий танқидчи шеърга юзаки ёндашаётган шоирларни санади
Бир неча кун аввал Kun.uz сайти орқали адабий танқидчи Жовли Хушбоқнинг таниқли ва ёш шоирлар ижодида шеърга юзаки ёндашиш, одамларнинг хоҳиш ва истагини менсимаслик, санъатдан йироқ сатрларни шеър деб аташ каби масалаларига бағишланган танқидий-таҳлилий мақоласи эълон қилинганди.
Биз таҳририятга юборилган ушбу мақола ҳажмини инобатга олган ҳолда унинг биринчи қисмини эълон қилган эдик. Қуйида мақоланинг иккинчи, якуний қисми билан танишишингиз мумкин.
Асосан руҳингизга озиқ берадиган ўтли асарлар яратадиган шоир, «Маънавий ҳаёт» журнали бош муҳаррири Эшқобил Шукурнинг баъзи шеърларини мутолаа қилганингизда ажабланишдан ўзга чора тополмайсиз. Ҳатто айрим рамзлар ҳам шеърга оловли руҳ ато эта олмаган.
Шеър яратиш, асарда бадиийлик талаби Алишер Навоийга ҳам, Ғафур Ғуломга ҳам, Эшқобил Шукурга ҳам, Шоди Отамуродга ҳам бир хил эканлигини наҳотки унутиб қўйсак? Фақат битта имтиёз бор: яхши, юксак савиядаги шеър ёзиш! Бироқ, қуйидаги сатрларнинг муаллифи Э.Шукур эканлигига ишонгингиз келмайди:
Агар сен бўлмасанг, қайдадир иқбол,
Аждодсан, авлодсан,Ватансан,элсан.
Миллатни тарихлар ичидан алҳол,
Етаклаб ўтган сен-Онажон Тилсан.
Эшқобил Шукурнинг шеърида истеъдодли шоир қаламини учратмагандек бўлдим. Негадир шеър юракни жизиллатмайди.Ўқиганда ҳаяжонланмайсиз. Ҳаммага маълум гаплар. Шоирнинг илоҳий руҳи, туйғуси қани? Баландпарвоз сўзлар йиғиндиси эмас, ҳақиқий шеър керак ўқувчига.
Ёки мана бу мисраларни ҳам Эшқобил Шукурдек истеъдодли шоир яратган, деса ишонгим келмасди:
Ўзинг асра бизни, эй қодир Худо,
Пасткаш заволидан, аблаҳ ҳолидан.
Разил кимсалардай қилмагил жудо,
Инсонни инсонлик истиқболидан.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шарқ юлдузи” журнали масъул ходими, шоир Ориф Ҳожи эса очиқдан очиқ шеър мухлисларига нописандлик йўлини танлаган, эълон қилишга арзимайдиган сатрларни шеър, дея тақдим этаверади.
Шаҳрисабз-шаҳри адаб, шаҳри имону эътиқод,
Шамс Кулолнинг руҳларидан руҳ топар мангу ҳаёт.
Оқсаройнинг тоқидур Кисро тоқидан ҳам баланд,
Руҳи пок Соҳибқирон сарманзили бўлгай обод.
Жон чекиб қилди чаман, мўғул хароб этган замон,
Хор этиб душманларин, дўстларини қилди шод.
Юқоридаги “асар”ни ўқиб юрагингиз жиз этдими? Шеър завқидан қалбингиз ларзага келдими? Ҳаяжонландингизми? Афсус...
Ўзбекистондаги йирик жамоат ташкилоти раҳбари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Амирқул Каримнинг қуйидаги “шеър”и сизга манзур бўлдими?
Ҳақ суйган эл эрурмиз асли,
Инсон қилиб яратди бизни.
Коинотда олтин узукдек
Макон бериб яйратди бизни.
Зулмат ичра нур эрур қуръон,
Имон билан яратди бизни.
Дуч келганда пасту баландлар.
Осмон қилиб яратди бизни.
Ўзбекистон маънавият ва маърифат кенгаши раҳбари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аьзоси, шоир Минҳожиддин Мирзо нега бўш шеърини ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилган?
Ватан надур, сўнмаган
Ёрқин юлдуз-қароқдур.
Бош эгишга кўнмаган
Ватан-жасур Широқдур.
Қодирийнинг кўзида,
Усмон, Чўлпон сўзида,
Беҳбудийнинг изида
Ёниб қолган чироқдур.
Минҳожиддин Мирзо “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида босилган бошқа бир “асар”ида ҳам шеъриятдаги иллатлардан бири-дидактика, насиҳатгўйлик балосининг чангалидан қутула олмаган:
Ҳақ амрини доим эт бажо,
Эй дўст, қалбинг чин нурга тўлсин.
Дилдан, тилдан оқсин илтижо,
Иймонинг ҳам чиройли бўлсин.
Саҳар туриб тангрига айтган,
Вужудингда офтоб уйғотган,
Савоб бўлиб ўзингга қайтган,
Саломинг ҳам чиройли бўлсин.
Агар бадиий асар яратиш шунчалик осон-ақл ўргатишдан иборат бўлса, эҳтимол истеъдоди бўлмаган ҳар қандай киши ҳам юқоридаги каби ўқувчида эҳтирослар ҳосил қилмайдиган сатрларни тизиши мумкин эмасмикин?
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ашурали Боймурод қуйидагиларни яхши шеър ёздим, деб ўйлаганлигига ажабландим.
Бизнинг шиор- бузишмас,қуриш эрур билсангиз,
Адолат манзилига юриш эрур билсангиз.
Ҳар қадамда яратмоқ-меҳнат, ижод ва санъат,
Авлодларга бизлардан мерос улуғ салтанат.
Эзгуликдан яралган бир боғистон кўрингай,
Ватан деб кўзим очсам, Ўзбекистон кўрингай.
Республика Вазирлар Маҳкамасига қарашли ташкилотда ишлайдиган шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фахриддин Ҳайит тизган бу сатрлар бадиийликдан йироқ эмасми?
Ота улуғ зотдир, суянчдир падар,
Эл доим ишонар оқилларига.
Таяниб яшайман имкони қадар,
Отамнинг пур ҳикмат нақлларига.
Ватан дегани шу бир ҳовуч тупроқ,
Ватан дегани бу- юракда титроқ.
Ким қандай англайди, қандай тушунар,
Тупроқ ифорига тўла тонгларим.
Шундан ҳалолдирсан, шундай ҳокисор,
Менинг она халқим буғдойрангларим:
Ватан дегани шу бир ҳовуч тупроқ,
Ватан дегани бу- юракда титроқ.
Республика миллий ахборот агентлиги директори, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдусаид Кўчимовнинг қуйидаги сатрлари наҳотки шеър дейишга арзийди?
Дўстинг кўп бўлсин, деб қиларди дуо,
Болалик чоғимда, эркалаб бобом.
Чиндан-да, дўстларим мўл бўлди, аммо
Улардан садоқат кўрдим камдан кам.
Бугун кўп дўстлардан кўнгил заха еб,
Чўмилиб пушаймон-жолаларимга;
Дўст битта бўлса ҳам, содиқ бўлсин деб,
Дуолар қиламан болаларимга.
Бадиий асар ақлга эмас, туйғуларга озиқ бериши лозим эмасми? Шеър-ҳикмат, деган нақл йўқ-ку, шу боис, шеърий асар ўқувчида завқ, ҳаяжон уйғотиши зарур, менимча.
Шоир Абдусаид Кўчимов “Муаммо деганини...” асарида шундай ёзган.
Ҳаёт йўлларида кунда-кунора
Турли муаммолар чиққайдир шитоб.
Яшамоқ, дегани ташвишдир, илло,
Яшамоқ, дегани-беадоқ азоб.
Бу ширин азобга кўмилиб чандон,
Нафас олмоқ эрур асрий қоида.
Демак, муаммодан қочма ҳеч қачон,
Демак, муаммони ҳал қил жойида.
Буларни ўқиган китобхон шеър ёзиш деганлари ҳам газетага хабар тайёрлашдай оппа-осон юмуш эканку, деб ўйлашлари табиий. Чунки асардаги фикрлар рамзлардан холи, яланғоч ҳолда баён қилинганлиги ўқувчида шундай юзаки таассурот туғилишига олиб келади.
“Жаҳон адабиёти” журнали ходими, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Даврон Ражабнинг бир шеъри хусусида гапириб, мактаб ўқитувчиси зорланди:
Илгари айрим бадиий асарларни мутолаа қилиб, завқ олардик. Энди эса... Мана бу шеърга бир кўз югуртиринг.
Кун исроф бўлди
Маржоним сувга тушиб кетгандай
Ётибдирман кўл бўйида
Чунки мен қадрига етмадим
Маҳлиё бўлдим жилдирашига
Тушириб қўйдим гўё қўлимдан
Ҳаммадан бахтли бўлишга
Ҳақли бўлган кунимни
Кун исроф бўлди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исмоил Маҳмуд ҳароратсиз сатрларни ҳам асар, деб ўйлайди,уларни ўқувчи дастурхонига қўйишдан олдин бу бадиий неъмат аслида сифатлимикин, ширинмикин, деган савол хаёлига келмайди ҳам.Эҳтимол, шеъриятда бадиийлик ҳақида етарли тасаввурга эга эмасдир?
Ўзбекистон қучди борлиқ ичра иқбол босафо,
Элу юрт оламча бахтдан топди файз олам аро.
Халқ, Ватан бу ишда ҳар дам қўллади Сарварни рост,
Ул буюк Соҳибқирон шахт азмини этди бажо.
Жо-бажо бўлди ёруғ йўлларда даврон шуҳрати,
Боз зафар қучди этиб майдонда халқ аҳду вафо.
Эл саодат йўлида топди бу кун хос йўлниким,
Ҳар вужудда порлагайдир Ҳуррият-нури Худо.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, сенатор Фармон Тошев мансабдорларнинг бадиий савияси паст шеърлар ёзиш имтиёзи бор, деб ўйласа керак. Акс ҳолда қуйидаги ғариб мисраларни тизмаган бўлур эди.
Бир ўлка-ки, жаннатларга монанд қучоғи,
Ҳатто қуёш соғинажак ҳар саҳар чоғи,
Тўрт фасл ҳам дастурхони тўкин, файзиёб
Тўрт фасл ҳам чаман эрур гулзори, боғи.
Қадр қиммат, ҳам таянчим. ифтихоримсан,
Ўзбекистон, беназирсан, ҳур диёримсан.
Бунда ҳар ким ризқ улашар, меҳр улашар,
Тупроғида улуғларнинг руҳлари яшар,
Алломалар ўлкаси бу, буюклар юрти,
Тавоф айлар етти иқлим- тамоми башар.
Қадр қиммат, ҳам таянчим, ифтихоримсан,
Ўзбекистон, беназирсан, ҳур диёримсан.
Юқорида хом-хатала ва ўртамиёна асарларни шеър дея атаб, миллионлаб мухлисларни алдаётган ва уларнинг норозилигига сабаб бўлаётганлар ҳақида сўз юритдим. Аслида улар минглаб шоирларга ўрнак бўлишлари лозим эди. Чунки бадиий жиҳатдан ғариб асарлар ёзаётганларнинг кўпчилиги мансабдорлар-яхши асарлар яратилишига масъул кишилар. Аммо лавозим наҳотки бадиий ночор асарларни эълон қилиш ҳуқуқини берса?
Сиз юқорида ўқиганингиз бадиий жиҳатдан юксак бўлмаган шеърларнинг ҳар бирини илмий ва эстетик жиҳатдан батафсил, янада чуқурроқ таҳлил қилиш мумкин эди. Аммо бунинг учун яна 5-6 саҳифани қоралашга тўғри келарди. Мақоланинг ҳажми ниҳоятда катта бўлиб кетишини истамадим.
Асосан Ватан мавзусидаги шеърлар савияси паст эканлиги ҳақидаги мулоҳазаларимизни ҳам билдирдик.
Ҳали мен адабиётнинг фақат битта жанри-шеърият ҳақида мулоҳазаларимни айтиб ўтдим. Агар ҳозирги ўзбек насри, драматургияси, адабиётшунослиги ва танқидчилиги, бадиий таржима, адабий алоқалар, болалар адабиётининг бугунги манзаралари ҳақида ҳам фикр юритсам, яна юз варақни қоралашимга тўғри келади. Худо хоҳласа, ҳали булар ҳақида ҳам ёзаман, чунки мени қийнаб юрган дардлар, муаммолар талайгина.
Жовли Хушбоқ,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адабиётшунос.
Мавзуга оид
18:24 / 06.06.2026
Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров вафот этди
15:07 / 01.06.2026
Президент: Адабиёт ва санъат соҳасини қўллаб-қувватлашнинг янги босқичи бошланади
16:40 / 09.10.2025
Адабиёт бўйича Нобел мукофоти венгриялик ёзувчига берилди
14:13 / 19.06.2025