16:45 / 10.02.2021
3784

Туркия Ойга космик қурилма учиришни режалаштирди

Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг сўзларига кўра, миллий космик дастурнинг якуний мақсади Туркия фуқаросини космосга жўнатишдир.

Фото: sabah.com.tr

Туркия 2023 йилда Ойга космик қурилмасини учирмоқчи. Бу ҳақда мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маълум қилди, деб ёзмоқда Sabah нашри.

"Бизнинг миллий космик дастури бўйича асосий ва муҳим мақсадимиз – республикамиз ташкил топганлигининг юз йиллигига илк марта Ойга етиб бориш. Муҳандисларимиз Ойга қўниш вазифасини уддалашларига ишонаман", - деди Эрдўған миллий космик дастур тақдимотида.

Туркия раҳбари шунингдек, халқаро ҳамкорлик доирасида космодром қурилиши режалаштирилганини айтди.

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, дастурнинг якуний мақсади Туркия фуқаросини космосга жўнатишдир.

Шу билан бирга, Туркия президенти Анқара ҳарбий ва фуқаровий эҳтиёжлар учун янги сунъий йўлдошларни учириш, космик саноатни ривожлантириш ва ушбу йўналишда малакали мутахассислар тайёрлашни режалаштирганини айтиб ўтди.

Top