Ўзбекистон | 16:23 / 10.02.2021
9073
2 дақиқада ўқилади

Ургутлик ота вояга етмаган фарзандлари учун 23,5 минг доллар алимент тўлади

Ургут туманида яшовчи ота вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун 23,5 минг доллар алимент пули тўлади. Бу ҳақда туман мажбурий ижро бўлими хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судининг қарори билан фуқаро А.У.дан ундирувчи Б.А.нинг фойдасига 2 нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун даромаднинг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириб бориш белгиланган. Бу ундирув бўйича МИБ Ургут туман бўлими томонидан ижро иши юритилган.

Қайд этилишича, фуқаро А.У. бироз муддат алимент тўловларини тўламасдан келган. Шундан сўнг, Ургут МИБ ходимлари томонидан қарздор ота билан атрофлича суҳбат ва тушунтириш ишлари ўтказилиб, бугунги синов кунларида фарзандларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи экани ётиғи билан тушунтирилган.

Таъкидланишича, маслаҳат ва суҳбатдан ўзига тўғри хулоса чиқарган қарздор ота фарзандлари таъминоти учун улар вояга етгунига қадар муддат учун ҳисобланган 246 миллион 750 минг сўм алимент пулини 23,5 минг АҚШ доллари кўринишда тўлаб берган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид