Ўзбекистонда оммавий тартибсизликка даъват қилганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланиши мумкин
«Миллий тикланиш» ва «Адолат» партиялари томонидан ишлаб чиқилган Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси фракцияларнинг биринчи ўқишида қабул қилинди.
«Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодировнинг маълум қилишича, мазкур қонун лойиҳасида ахборот соҳасидаги бир қатор ҳаракатлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилган.
Жумладан, Жиноят кодексининг 244-моддасида:
- ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига фаоллик билан бўйсунмасликка;
- оммавий тартибсизликка;
- фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват қилганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш таклиф этилмоқда.
Лойиҳада ушбу жиноят учун жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддасини:
- фуқароларни Ўзбекистон қонунчилик ҳужжатлари талабларини бажармасликка ёки бузишга, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникациялар тармоқларидан, интернет жаҳон ахборот тармоғидан, шунингдек матнни нашр этиш ёки бошқа шаклда кўпайтириш турларидан фойдаланган ҳолда оммавий даъват қилганлик учун БҲМ 60 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солишни назарда тутувчи биринчи қисм билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир муддат олдин ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган эди.
Мавзуга оид
16:29 / 19.11.2024
Қозоғистонда магистрал йўлда ўртача тезликни оширганлар жаримага тортилади
16:11 / 17.11.2024
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилди
16:05 / 16.11.2024
“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат
20:58 / 04.11.2024