17:15 / 13.02.2021
6201

Тўрақўрғонда қонунга зид равишда бошқа ишга ўтказилган боғча мудираси лавозимига тикланди

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 7-сонли давлат МТТ мудирасининг иш жойи ноқонуний равишда ўзгартирилгани ҳақидаги мурожаат ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлганди.

Вилоят адлия бошқармасининг аниқлашича, мудиранинг иш жойини ўзгартиришда Меҳнат кодексининг 88-моддаси талаблари бузилган ҳолда, яъни унинг розилиги олинмасдан, вилоят мактабгача таълим бошқармасининг буйруғи билан у Тўрақўрғон тумани 44-сонли МТТ мудираси лавозимига тайинланган.

«Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва мудиранинг иш жойини ўзгартириш ҳақидаги вилоят мактабгача таълим бошқармасининг буйруғини бекор қилиш ҳақида 2021 йил 3 февралда тақдимнома киритилган.

Тақдимнома талаблари бажарилиб, фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, у яна Тўрақўрғон туманидаги 7-сонли давлат МТТ мудираси лавозимига қайтарилган», – дейилади Адлия вазирлиги Kun.uz'га тақдим этган маълумотда.

Таъкидланишича, вилоят МТБ мансабдор шахслари томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилмаганлик ҳолатлари юзасидан айбдор бўлганларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чорасини кўриш ҳақида вилоят бандлик бош бошқармасига таклиф киритилган.

Top