Наманган расмийлари бир неча йил олдин тадбиркор Авазбек Абдуфаттоевни “адирликда боғ яратяпти” деб, ҳаммага намуна қилиб кўрсатган. Лекин бугун, туман ва вилоят ҳокимига ишониб, боғ учун миллиардлаб харажат қилиб қўйган тадбиркор додини кимга айтишни билмайди: ернинг катта қисми олиб қўйилмоқда.
2021 йилда Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида тадбиркор Авазбек Абдуфаттоев ўша пайтдаги туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамованинг ваъдасига ишониб, катта маблағ сарфлаб, 34 гектар майдондаги адирликни текислаб боғ яратади. Бу ерда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида тадбир ўтказилиб, унда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этади.
Қарз-ҳавола қилиб, хайрли ишга бор будини тиккан тадбиркорнинг бугун додини эшитадиган одамнинг ўзи йўқ. Гап шундаки, ўзлаштирилган адирликнинг 13 гектари ҳокимлик томонидан олиб қўйиляпти.
“Олий маълумотлиман. Ака-укаларим билан чет элга чиқиб, маблағ жамғардик. Тадбиркорлик қилиш истаги бўлган бизда. Орада боғдорчиликка қизиқиб, туман ҳокимидан ер сўраб мурожаат қилдим. Бу орада туман ҳокимимиз Зулайҳо Маҳкамова тарафидан мана шу адирликни ўзлаштириб, боғ қилиш таклифи берилди менга.

Вилоят ҳокимининг ўзи келиб, чиройли боғ яратиб, экспортга мевалар чиқаришни таклиф қилишганида рози бўлганман. Ўзимдаги бор маблағни сарфладим. Ҳатто ҳозир ота-онам ўтирган уйни гаровга қўйиб, 420 млн сўм кредит олдим. Ўзим ўтирган ҳовлимни ҳам сотиб, боғга сарфладим. Ижарада ўтирибман ҳозир. Қишлоғимиздаги барча қариндош-уруғимизнинг номига кредит олиб, боғга сарфладим.




Адирликни текислаш учун анча маблағ кетди. 11 та машинани сотиб юборганман. Махсус техникалар ишлатдим. Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, вилоят ҳокимимиз, кейинги туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров республикадан Наманганга ҳар қандай меҳмон келса, ўзлаштирган еримни кўрсатиб мақтанишди. Газета, телевидениедан келган журналистларни гапирмаса ҳам бўлади. Ўзлаштирган ерим кўпчиликка ўрнак қилиб кўрсатилди. 2021 йилнинг 11 ноябрида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ташкилот раҳбарлари билан ташриф буюриб, ўзлари очилиш маросимларини қилиб берган.























