Жаҳон | 14:43 / 13.02.2021
3793
2 дақиқада ўқилади

Японияда ёлғиз яшовчи инсонлар ишлари бўйича вазир тайинланди

Қайд этилишича, Японияда пандемия ва изоляция сабабли ёлғиз инсонлар муаммоси кескин тус олган.

Фото: AP

Япония бош вазири Ёсихидэ Суга минтақавий ривожланиш бўйича вазир Тэцуси Сакамотони ёлғиз яшовчи инсонлар муаммолари билан ҳам шуғулланадиган вазир этиб тайинлади.

Вазирлар маҳкамаси котиби Кацунобу Катонинг сўзларига кўра, янги лавозим туғилиш камлиги сабабли аҳоли қариши натижасида кучайиб бораётган ижтимоий муаммолар билан боғлиқ.

Вазир шунингдек, аёллар ва ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш муаммоси билан ҳам шуғулланади. Катонинг қўшимча қилишича, Японияда пандемия ва изоляция сабабли ёлғиз инсонлар муаммоси кескин тус олган.

Хабар қилинишича, Сакамото ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш, кексалар ва камбағал оилалар фарзандларига ғамхўрлик қиладиган ҳукумат ташкилотлари фаолиятини назорат қилади.

Японияда 2020 йилда ўз жонига қасд қилишлар сони 11 йил ичида илк марта ошди. Япония полициясининг маълумотларига кўра, ўтган йили ушбу кўрсаткич 3,7 фоизга ошди ва 20919тага етди. Аёллар ўртасида ўз жонига қасд қилишлар сони 14,5 фоизга ошиб, сўнгги беш йилдаги энг юқори кўрсаткич қайд этилган (6976та ҳолат).

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид