Иқтисодиёт | 19:06 / 15.02.2021
9168
6 дақиқада ўқилади

Тамаки етиштириш ер унумдорлигини пасайтиради ва деҳқонлар учун зарарли - тадқиқотчилар

Иқтисодий сиёсат таҳлилий маркази мутахассислари (Қозоғистон) Ўзбекистон ва Қозоғистонда тамаки етиштириш ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг экологик, иқтисодий таъсири ва муқобил йўлларини баҳолашди.

Дастлабки ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистонда тамаки ишлаб чиқариш 1990 йилдан буён сезиларли даражада камайган, ўша пайтда ушбу маҳсулотнинг экин майдони 12 минг гектардан, ялпи ҳосил 27,8 минг тоннадан ошган. Бугунги кунда саноатни қайта ишлашга яроқли бўлган тижорат тамаки маҳсулотларининг катта қисми Самарқанд вилоятининг Ургут туманида қарийб уч минг гектар майдонда етиштирилади, шу жумладан, мамлакат учун янги бўлган «Виржиния» нави — 1,3 минг гектар майдонда.

Хомашёни қайта ишлашнинг хусусиятлари

Ўзбекистонга хомашё импорти нисбатан кам миқдорда, йилига 15 миллион долларни ташкил этади (2019 йилги маълумотларга кўра). Импорт ўрнини босиш учун ишлатиладиган «Измир» ва айниқса «Виржиния» навлари учун хомашё нархларининг динамикаси асосан долларнинг сўмга нисбатан динамикасига боғлиқ бўлиб, қиёсий барқарорликни кўрсатди. Таъкидланишича, харажат хомашёнинг навига боғлиқ.

Ургут туманида «Виржиния» навини етиштириш учун фермерларнинг хомашё ишлаб чиқариш бўйича маслаҳатлари ва машғулотларига қарамай, табиий анъанавий қуритиш билан саноат қайта ишлаш учун хомашёнинг барқарор қийматларига эришиш имкони бўлмаган.

«Шу сабабли, ишлаб чиқарувчи компания бир неча миллион долларлик махсус қуритиш ускуналарини олиб киришга ва улардан фойдаланишга мажбур бўлди ва хомашёнинг мақбул сифат кўрсаткичларига эришиш учун махсус техник жараённи ишлаб чиқди», дея таъкидлашган тадқиқотчилар.

Ҳосилдорлик ва экологияга таъсири

Атроф-муҳитга таъсири ҳақида гапирганда, муаллифлар тамаки етиштирилганда калийни бир неча баробар кўпроқ истеъмол қилишига, шунингдек, бошқа қишлоқ хўжалиги кимёвий моддаларини фаол ишлатишни талаб қилишига эътибор қаратган. Тамаки ишлаб чиқариш кичик фермер хўжалик шароитида амалга оширилганда, деҳқонлар ва уларнинг оила аъзолари соғлиғига бир қатор салбий таъсирлар кузатилган.

Ўзбекистон учун янги «Виржиния» нави рентабеллик даражасидан бир неча баравар паст ҳосилни, шунингдек, никотин, смола ва бошқа моддалар таркибидаги ўта беқарор кўрсаткичларни намоён этган.

«Тамаки етиштириш учун ер майдони дуккакли ва ем-хашак экинлари (беда) билан алмаштириб экиш керак, акс ҳолда ер тезда унумдорлигини йўқотади, ҳосил бера олмайди ва узоқ ҳамда қимматга тушадиган қайта тиклашни талаб қилади. Бироқ, дуккакли ва озуқавий экинларни етиштириш (масалан, чорва учун беда) бўйича бозор ёки тажриба мавжуд эмас. Чорвачилик учун барча ишлаб чиқариш занжирини қуриш керак бўлади», дейди муаллифлар.

Деҳқонлар учун муқобил экинлар

Сўнгги йилларда тамаки маҳсулотлари ҳосилдорлигининг динамикаси ижобий тенденцияни кўрсатмоқда, бироқ барибир қатор минтақаларда жаҳон стандартлари бўйича ўртача гектарига 3 тоннагача етиб бормаган. Шунингдек, муаллифлар «Виржиния» навининг агротехник тадбирларга сезгирлиги, яъни кўп ҳосил бериши учун шунга яраша парвариш ва озиқлантириш ҳам кўп бўлишини талаб қилишини маълум қилишган.

Яхши истиқболлар ва рентабеллик кўрсаткичлари узумчилик соҳаларида ҳам мавжуд, аммо узоқ вақт давомида минтақада фақат кишмиш навлари етиштирилиб келинмоқда, улар панжаралар ва сим учун қўшимча сармояларни талаб қилмайди, аммо узумнинг қимматбаҳо навларини етиштириш учун зарур шартлар мавжуд. Бошқа навларни етиштириш учун эса шароитлар бор.

Мевали дарахтлар орасида кучли пайвандтаглардаги олма ва нокнинг кечки навларини етиштириш истиқболли ҳисобланади. Гарчи улар кеч мева берса ҳам бу ҳудуд иқлимига чидамлидир. Мош, ловия ёки нўхат каби сабзавот ва дуккакли экинларни эса дарахтлар қаторлари орасида (мева беришдан олдин) ўстириш мумкин.

Ем-хашак экинларини етиштириш чорвачиликда ҳам, экинларни алмашлаб экишда ҳам талабга жавоб беради, бу ернинг унумдорлигини тиклаш ва сақлашга имкон беради.

Бошқаларга қараганда харажатларни тезроқ қоплайди

Муаллифлар сармояни қоплаш нуқтайи назаридан энг фойдалиси картошка етиштириш бўлиши мумкин, деган хулосага келишди. Аммо бу шароитда етиштириш учун мос навларни ва қишлоқ хўжалиги технологияларини танлаш керак.

Ургут туманида картошканинг қарийб 8-10 хил навлари етиштирилади, аммо барчаси ҳам самарали эмас. Худди шундай вазият сабзавот экинлари билан кузатилади. Очиқ ҳавода сабзавот етиштириш фойдали саналади. Донли экинлар эса давлат буюртмаси асосида етиштирилади ва шунинг учун уларни етиштириш тижорат нуқтайи назаридан хавфи катта.

Хулоса ўрнида

Иқтисодий нуқтайи назардан, ушбу соҳада қуйидагиларни етиштириш энг фойдали ҳисобланади:

— помидор ва бодринг (рентабеллик мос равишда 200 ва 300 фоиздан юқори);

— сабзи, данакли мевалар (рентабеллик - тахминан 200 фоиз);

— бошқа сабзавотлар, мева ва кўп йиллик экинлар.

Муаллифларнинг фикрига кўра, тамаки етиштириш 150 фоиздан ортиқ рентабеллик беради. Бироқ, ўсишда у калийни бир неча баробар кўпроқ истеъмол қилади, шунингдек қишлоқ хўжалигининг бошқа кимёвий воситаларидан фаол фойдаланишни талаб қилади, шу билан боғлиқ равишда дуккакли ва ем-хашак экинлари билан алмаштириб экиш усулларидан фойдаланишни талаб қилади. Дуккакли экинларни етиштириш рентабеллиги юқори (ловия учун 140 фоиз, нўхат учун 200 фоиздан ортиқ), аммо ем-хашак экинларининг яхши сотилиши учун чорвачилик учун барча ишлаб чиқариш занжири, шу жумладан, сут фермер хўжаликлари ва ем-хашак барпо этилиши керак.

Шу билан бирга, масалан, қизил қалампир етиштиришда замонавий қайта ишлаш технологиясидан (қуритиш, майдалаш) фойдаланган ҳолда ва халқаро савдо каналларига кириш шарти билан бир гектардан 30 минг доллардан ортиқ маҳсулот олиш имконини беради. Тадқиқот муаллифлари Ўзбекистон Республикасида қизил қайен (чили) қалампир етиштиришнинг қиёсий иқтисодий истиқболлари ва олинадиган даромад ҳақида гапиришади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид