Жамият | 17:59 / 16.02.2021
4404
4 дақиқада ўқилади

«Наманган ҲЭТК»: Наманганда маҳаллабай тизимида шароити оғир ҳудудларда электр таъминоти яхшиланмоқда

«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ишчи гуруҳи томонидан жойларда олиб борилаётган ўрганишлар давомида айни муҳим жиҳатларга эътибор қаратилмоқда.

Наманган вилояти шаҳар ва туманларидаги 71 та маҳалла фуқаролар йиғинида электр энергияси таъминотини яхшилаш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича олиб борилган ўрганишлар натижасида шароити ўта оғир деб топилган, туман секторлари раҳбарларининг эътиборидан четда қолиб кетган 11 та ҳудуд танлаб олинди.

Жумладан, Наманган туманидаги Тўсар, Мингбулоқдаги Қора шаҳар, Косонсойдаги Жар, Попдаги Яккатут, Тўрақўрғондаги Узумзор, Уйчидаги Дахиякота, Учқўрғондаги Бўстон, Чортоқдаги Бештол, Чустдаги Зувутқан ва Янгиқўрғондаги Мамай маҳаллаларида амалий ишларга киришилди. Режага мувофиқ, мазкур ҳудудларда 24,2 км узунликдаги паст кучланишли электр тармоқлари тортилиб, 10 та янги трансформатор пункти ўрнатилади. 23,3 км тармоқдаги 12 та трансформатор пункти мукаммал таъмирдан чиқарилади.

«Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти бош директори Ж.Ризаевнинг маълум қилишича, жорий йилги Давлат дастури асосида вилоят бўйича 1 минг 226 км электр тармоқлари тортилиб, 300 та янги трансформатор пункти ўрнатилиши кўзда тутилган.

Узумзор маҳалласи Тўрақўрғон тумани марказидан анча олис манзилда жойлашган чекка ҳудудлардан бири. 1 минг 740 аҳоли истиқомат қилаётган ушбу гўшада 520 та хўжалик бўлиб, ҳар бирининг ўзига яраша масала ва муаммоси бор. Кейинги йилларда мавжуд электр тармоқларининг анча эскириб қолгани тез-тез узилишлар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Ушбу масалага ечим топиш мақсадида маҳалладаги «Ёшлар» ва «Барҳаёт» кўчаларида 1,4 км масофада паст кучланишли электр тармоқлари тортилиб, 65 дона янги темир-бетон таянч қўйилади. Шунингдек, мавжуд учта трансформатор мукаммал таъмирланиб, 250 кВАли янги трансформатор ўрнатилиши электр энергиясидаги узилишларни бартараф этишга хизмат қилиши эътиборга лойиқ.

Чуст туманидаги Зувутқан маҳалласи «қизил» рўйхатга киритилган бўлиб, бу ерда тўлиқ янги тармоқ тортиш ишлари амалга оширилади. Хусусан, 109 дона темир-бетон таянч, умумий узунлиги 2,7 км электр тармоқлари ва қуввати 250 кВА бўлган трансформатор пункти ўрнатилиши белгиланган.

Маълумот учун, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида»ги қарорига кўра, сўнгги тўрт йил давомида мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб 25 минг 674 км электр тармоқлари тортилиб, 8 минг 981 та трансформатор пункти ўрнатилди.

2021 йилги Давлат дастури асосида жорий йилда 15 минг км паст кучланишли электр тармоқлари ва 4 минг дона трансформатор пунктини реконструкция ва модернизация қилиш ишлари режалаштирилган бўлиб, шундан электр таъминоти оғир бўлган 4 минг 767 та маҳалла ҳудудида истеъмолчиларга қулайликлар яратиш мақсадида 4 минг 206 км масофада электр узатиш тармоқлари, 1 минг 720 дона трансформатор пункти янгидан қурилиши биринчи галдаги вазифа сифатида белгилаб олинди.

«Наманган ҲЭТК» АЖ Матбуот хизмати

Мавзуга оид