Спорт | 14:33 / 17.02.2021
12196
7 дақиқада ўқилади

«Лейпциг»га хатолар қимматга тушди. Клопп ва «Ливерпуль» — деярли чорак финалда

«Лейпциг» футболчиларининг икки қўпол хатосидан Муҳаммад Салоҳ ва Садио Мане унумли фойдаланишди. «Ливерпуль» Будапештда керакли ҳисобда ғалабага эришди — 2:0.

Чемпионлар лигаси
1/8 финал

«РБ Лейпциг» (Германия) — «Ливерпуль» (Англия) — 0:2 (0:0)
Голлар: Салоҳ, 53 (0:1). Мане, 58 (0:2).
«РБ Лейпциг» (Германия): Гулачи, Клостерманн, Упамекано, Мукьеле (Орбан, 64), Анхелиньо, Кампль (Хван Хи Чхан, 73), Забитцер, Нкунку, Ольмо, Айдара (Поульсен, 64), Адамс.
«Ливерпуль»: Алиссон, Робертсон, Александр-Арнолд, Ўзан Кабак, Вкйналдум, Ҳендерсон, Тиагу Алькантара (Окслейд-Чемберлен, 72), Жонс, Роберту Фирмину (Шачири, 72), Салоҳ (Н.Уильямс, 90), Мане.
Огоҳлантиришлар: Мукьеле, 5. Айдара, 5. Нкунку, 52. Анхелиньо, 65. Ўзан Кабак, 68. Ольмо, 76. Ҳендерсон, 81.
Ҳакам: Винчич (Словения).
16 феврал. Будапешт. «Пушкаш Арена» стадиони.

Меҳмондўст Венгрия
Аллақачон 2021 йил кириб келган, 2020 йилдаги муаммолар эса ҳеч қаерга йўқолмаган. Коронавирус ҳамон чекинмади, томошабинлар трибуналарга қўйилмаяпти, мамлакатлар хорижий клублар учун чегараларни ёпган. Хусусан, Германия Буюк Британияда чиққан коронавируснинг янги штаммидан қўрқиб, британлар билан авиаалоқаларни тўхтатган. Немислар ҳатто «Ливерпул» учун ҳам истисно қилишмади. Шу туфайли «Лейпциг» муқобил уй майдони излашга мажбур бўлди, йўқса жамоага 0:3 ҳисобидаги мағлубият ёзилиши мумкин эди — УЕФАнинг ҳозирги регламентида шундай белгилаб қўйилган.

Ўйин учун жой Будапештдан топилди. Венгрия ва «Ференц Пушкаш Арена» нафақат «Лейпциг»нинг «Ливерпул»га қарши ўйинини, Менхенгладбахнинг «Боруссия» ва «Манчестер Сити» ўртасида кейинги ҳафта ўтадиган ўйинни ҳам қабул қилишга рози бўлди. «Ференцварош» Чемпионлар лигасини турнир босқичидаёқ тарк этган, аммо жамоа стадионида плей-офф ўйинлари ўтказилмоқда.

Гулачи дарвоза тўрида
Будапештга сафар «Лейпциг» ва Венгрия миллий жамоаси дарвозабони Петер Гулачини хурсанд қилгани аниқ. У айнан Будапештда туғилган ва «Пушкаш Арена»да ўйнаган. Бундан ташқари, Гулачи олти йил давомида «Ливерпул» таркибида бўлган, аммо захира дарвозабони сифатида фақат ўртоқлик учрашувларида майдонга тушган. Шу туфайли венгрнинг иштиёқи икки карра эди.

Аммо «Ливерпул»га қарши ўйин Гулачи учун мемлар билан ёдда қоладиган бўлди. Йўқ, венгр умуман олганда ёмон ўйнамади — ўтказиб юборилган голларда у айбдор эмас. Аммо биринчи бўлимда Гулачи Робертсоннинг деярли майдон марказидан парашют қилиб йўллаган зарбасини ўтказиб юбориши мумкин эди. «Лейпциг» дарвозабони рақиб ҳужумчисини жарима майдони ташқарисига чиқиб қаршилади ва тўпни узоқлаштирди, аммо ҳимоячилар тўпни йўқотишди, тўп Робертсонга келиб тушди, бу вақтда ўз ҳудудидан анча олдинга чиқиб кетган дарвозабон ортга қайтишга улгурмади - тўп дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди, дарвозабон эса инерция билан сакраб пастга қулаганида дарвоза тўрига ўралашиб қолди. Гулачининг бу ҳолати «Лейпциг»нинг ўйиндан кейинги ҳолатини идеал даражада ифодаларди.

Номинал жиҳатдан мезбон бўлганлар биринчи бўлимда жуда яхши ўйин кўрсатишганди. Илк дақиқаларданоқ Ольмо қулай вазиятга эга бўлди, Алиссон унинг зарбасига қаршилик кўрсата олмади, аммо тўп устундан қайтди. Кўп ўтмай Салоҳ ҳам яхши имкониятни кўкка совурди — Гулачида сейв. Аммо биринчи бўлимда энг ёдда қоларли вазият айнан венгриялик дарвозабоннинг тўрдаги ҳолати эди.

Индивидуал хатолар
«Лейпциг» биринчи бўлимда ҳам эҳтиётсиз ўйнаётганди. Франциялик ҳимоячи, ёзда «Бавария»га ўтиши ҳал бўлган Упамекано эпизодлардан бирида хато қилди, у ҳимоядан чиқишда берилган биринчи пасни рақиб эгаллаб олди, ушбу ҳужум давомида Упамеканонинг ўзи Манега қаршилик кўрсата олмади, меҳмонлар ҳужумчиси дарвозабон билан яккама-якка ҳолатда қолган Фирминони тўп билан таъминлади ва тўп дарвозага бориб тушди, аммо ҳакам «Ливерпуль» ҳужумчиси тўпни майдон чизиғи ташқарисидан узатган деб топди.

Танаффусдан кейинги хатолар эса кечирилмади.

Аввалига Забитцер ортга тўп қайтаришда қўпол хатога йўл қўйди, Клостерманн тойиб кетиб орқароққа ташлаб берилган тўпга ета олмади, Салоҳ ҳисобни очди — 0:1. Кейин эса Мукиле рақиб қарши ҳужуми вақтида тўпни рақибга топшириб қўйди, дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқариб юборилган Мане осонлик билан дарвозани ишғол қилди — 0:2.

Шу билан интрига ўлди. «Лейпциг» қолган вақт давомида «стандарт»ларда ва Анхелиньонинг қанотидан ҳужумлар орқали вазиятни ўнглашга уринди, аммо барча ҳаракатлар бесамар кетди, «Ливерпул» эса ҳимояга мажбуран Ҳендерсон қўйилган ҳолатда ҳам ишончли ўйнади. «Ливерпул» дарвозабони бу позицияга кўникиб бормоқда ва у бу ўйинни ҳам жамоанинг янги аъзоси Кабак билан кўнгилдагидек якунлаб қўйди.

0:2 — «Ливерпул» совуққонлик билан ғалаба қилди. Ўтган мавсумда ЕЧЛ ярим финалчиси бўлган «Лейпциг»да бу сафар турнирни давом эттириш импонияти жуда паст. Премьер-лигада чемпионликдан умид узган Юрген Клопп энди бор эътиборини ЕЧЛга қаратмоқда.

Упамекано учун «Ливерпул»га қарши ўйин 2021 йил ёзида «Бавария»га 42,5 млн евро эвазига трансфер қилиниши эълон қилинганидан кейинги илк ўйин эди. Жуда қўпол хатога йўл қўйган яна бир футболчи Марсель Забитцер эса клубда Дайодан кейинги энг қимматбаҳо футболчи (Transfermarkt бўйича 42 млн евро), унга ҳозирда Англия клублари жиддий қизиқаётганди. Бу ўйин унга ёмон реклама бўлди.

  • «Ливерпуль» январ ойи охиридан буён илк марта ғалаба қозонди - уч ўйиндан иборат мағлубиятли серияга якун ясалди (жами 2:8). Бу ўйинда эса нафақат ғалаба қозонилди, балки гол ҳам ўтказилмади.
  • Садио Мане «Ливерпул» сафида еврокубокларда урган голлари сонини 20тага етказди – у энди клубнинг бундай натижага эришган бешинчи футболчисидир.
  • Муҳаммад Салоҳ бу мавсумда барча турнирлар доирасидаги 24-голини урди (ЕЧЛда – тўртинчиси). Топ-5 лигалар бўйича ундан кўпроқ гол фақат Роберт Левандовскида – 25.

Сафардаги 2:0 ҳисобидаги ғалаба – чорак финал йўлланмасини кафолатламаслиги мумкин, аммо ҳозирги «Ливерпул» учун жуда зарур бўлган импульс вазифасини ўтаб бериши шубҳасиз.

Мавзуга оид