Европада трансферлар ойнаси ёпилишига оз вақт қолмоқда. Янги шов-шувли трансферлар кам, аммо кўплаб клублар ҳали таркибини мустаҳкамлашни давом эттирмоқда.

«Сити» Де Брюйнега ўринбосар қидирмоқда

«Манчестер Сити»нинг асосий етакчиси Кевин Де Брюйне – жароҳат туфайли камида йил охиригача сафдан чиқди. Клуб майдон марказини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Номзодлардан бири – Матеус Нунес. Фабрицио Романонинг ёзишича, «Сити» «Вулверҳэмптон»га ушбу 24 ёшли футболчи учун 50 млн евро таклиф қилган. Футболчининг ўзи «Сити» билан шахсий шартномани келишиб қўйган, аммо Sky Sports маълумотига кўра, «бўрилар» «шаҳарликлар»нинг биринчи таклифини рад этган. Нунес «Вулвз»га 2022 йил ёзида «Спортинг»дан 45 млн евро ва 5 млн евро миқдоридаги бонуслар эвазига ўтганди.

Шунингдек, клуб «Кристал Пэлас» яримҳимоячиси Эберечи Эзени сотиб олиш ҳақида ҳам ўйламоқда.

«Сити» асосий футболчилари билан шартномаларни янгилашни ҳам унутмаяпти. Ёз давомида жамоа яримҳимоячиси Бернарду Силва гоҳ «Барса»га, гоҳ «ПСЖ»га, гоҳ Саудия Арабистонига юборилганди. Якунда португалиялик футболчи Манчестерда қоладиган бўлди.

Силва «шаҳарликлар» билан шартномасини 2026 йил ёзига қадар узайтирди. Бернарду яна уч мавсум давомида «Этиҳад»даги мухлисларни хушнуд этишда давом этади.

«Ноттингҳем» жаҳон чемпионини сафига қўшиб олди

АПЛ иштирокчиси бўлган «Ноттингҳем Форест» «Севиля»дан аргентиналик ҳимоячи Гонсало Монтиэлни ижарага олди. Мавсум якунида инглизлар клуби унинг шартномасини 11 миллион еврога сотиб олиши мумкин.

Монтиэл «Севиля»да икки мавсум ўйнади ва Европа Лигасида ғолиб бўлди. 26 ёшли футболчи Қатардаги ЖЧ-2022 финалида Аргентинанинг Францияга қарши пеналтилар сериясида якуний ғалаба зарбаси муаллифи бўлганди.

«Юнайтед» тарбияланувчисидан воз кечдими?

«МЮ» трансферлар ойнаси давомида дарвозабон Андре Онанани сотиб олганди, энди эса бу амплуага туркиялик Алтай Байиндирни ҳам олиб келмоқчи. Жамоа тарбияланувчиси Дин Ҳендерсон эса кетиши мумкин. Фабрицио Романонинг ёзишича, «Юнайтед» дарвозабонни сотиб олиш шарти билан ижарага беради. Ҳендерсон яқин вақтлар ичида клубни тарк этади, унинг учун асосий даъвогар – «Кристал Пэлас».