Ёзги трансферлар давом этмоқда, яна бир қатор футболчилар ўзларига янги клуб топишди, яна бир қанча трансферлар ҳал бўлиши кутилмоқда. Қуйида сўнгги куннинг энг қизиқарли трансфер хабарлари дайжести.

Садио Мане расман Криштиану Роналдуга жамоадош бўлди

Саудия Арабистонида юлдузлар сони яна биттага кўпайди. 31 ёшли сенегаллик вингер «Бавария»дан «Ан-Наср»га ўтди. ОАВ маълумотига кўра, унинг янги жамоасидаги йиллик маоши миқдори 40 млн еврони ташкил этади. Мане Саудия клубида Роналду, Марсело Брозович ва Алекс Теллес каби юлдузлар билан бирга тўп тепади.

Садио Мане «Ан-Наср»да тақдимот қилинди
Фото: TWITTER.COM/ALNASSRFC

«Челси» Лесли Угочуквуни сотиб олди

Лондон клубида навбатдаги трансфер. Угочукву — 19 ёшли яримҳимоячи учун «Ренн»га 27,5 млн евро тўланди. У билан етти йиллик шартнома имзоланган. Ушбу истеъдодли футболчи аллақачон Франция миллий жамоасида дебют қилиб улгурган. Лекин Лесли янги жамоасида дарҳол асосий таркибдан ўрин олмаслиги аниқ.

Лесли Угочукву. Фото: CHELSEAFC.COM

Дембеле «ПСЖ»га ўтмоқда

«Барселона» бош мураббийи Хави жамоа футболчиси Усмон Дембеле клубни тарк этаётганини маълум қилди. «Дембеле олдимга келиб, жамоадан кетмоқчи эканини айтди. У «ПСЖ»дан таклиф олган. Биз бу жамоа билан молиявий жиҳатдан бас кела олмаймиз. У кетмоқда», - деди Хави.

Бундан аввалроқ парижликлар футболчининг шартномасидаги 50 миллион евролик маблағни тўлашга тайёр эканини билдириб, каталонияликлар клубига сўров юборганди. 26 ёшли вингер кетишга қатъий аҳд қилган. У 4 август куни Парижда тиббий кўрикдан ўтиши кутилмоқда.

Француз матбуотига кўра, Дембеле «ПСЖ» билан беш йиллик шартнома тузади ва йилига 20 миллион евро миқдорида маош олади.

«Барса»да Дембеле ўрнини ким эгаллайди?

Усмон Хави жамоасининг муҳим футболчиларидан бири эди, унинг кутилмаганда кетиши туфайли Каталониядагилар унинг ўрнига ўринбосар қидиришга тушишди. Вариантлар иккита — «Атлетико»га қайтиб келган 23 ёшли Жоау Феликс (аммо «Барселона»да кўпчилик бу трансферга қарши) ёки «Бавария»нинг 27 ёшли ҳужумчиси Лерой Сане. Лекин немис футболчиси Мюнхендан кетишни истамаяпти ва ҳозирча музокаралардан бош тортмоқда.