Ўзбекистон | 11:26 / 17.02.2021
19169
6 дақиқада ўқилади

Маҳалла, туман ва шаҳарлар криминоген вазиятдан келиб чиқиб «қизил», «сариқ», «яшил» ҳудудларга бўлинади – ИИВ

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 12 февраль куни ИИВ ҳайъати кенгайтирилган мажлисида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Маҳалла, туман ва шаҳарлар криминоген вазиятдан келиб чиқиб, уч тоифага, яъни, “қизил”, “сариқ”, “яшил”га бўлиниши кутилмоқда.

ИИВ марказий аппарати ҳамда жойлардан ички ишлар органларининг раҳбарлари, шахсий таркиби ҳамда профилактика катта инспекторлари иштирок этган мажлисда дастлаб президент фармони асосида лавозимга тайинланган вазир ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи Яҳё Абдулҳақов ҳамда ички ишлар вазирининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари Нажмиддин Тўрахўжаев шахсий таркибга таништирилди.

ИИВ ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, йиғилиш давомида давлат раҳбари томонидан маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, жамоат хавфсизлиги ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари фаолиятининг танқидий таҳлили, келгусида тизим фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича белгилаб берган бир қатор вазифалар муҳокама қилинган. Шунингдек, сўнгги вақтларда жойларда, айниқса, бевосита маҳалланинг ўзида жиноятчилик профилактикаси, аҳоли муаммоли тоифалари орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишлари бирмунча сусайтириб юборилгани президент томонидан жиддий эътирозга сабаб бўлгани алоҳида таъкидланди.

Бундан ташқари, жамоат жойларида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий хавфли, шу жумладан кибермакондаги жиноятларни фош этиш ишларини кескин такомиллаштириш заруратига алоҳида урғу берилган.

Йиғилишда жиноятчиликка қарши курашни “маҳаллабай” ташкил этиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда келгуси даврда ички ишлар органлари олдида турган долзарб вазифалар тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

“Тартиб-интизом, қонунларга ҳурмат, аҳолининг осойишталиги, энг аввало, маҳаллада тўғри йўлга қўйилиши зарур. Кўп раҳбарлар хотиржамликка берилгани, маҳаллага тушиб ишламагани, муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, ҳал қилмагани оқибатида айрим маҳаллаларда жиноятлар ошиши кузатилган”, – дея таъкидлади ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов.

Шунингдек, президент томонидан профилактика инспекторларига ортиқча юкламалар берилаётгани, асосий иш ҳажмидан ортиқча вазифалар билан шуғулланаётгани, бунинг натижасида кўп вақт йўқотиб, тўғридан тўғри фаолияти, яъни жиноятлар профилактикаси қолиб кетаётгани кескин танқид остига олингани таъкидланди.

“Йиғилишда бундан буён ишни мутлақо янги тизимда ташкил этиш вазифаси қўйилди. Маҳалла, туман ва шаҳарлар криминоген вазиятдан келиб чиқиб, уч тоифага, яъни, “қизил”, “сариқ”, “яшил”га бўлинади ва маҳалладаги жиноят ўчоқлари аниқланади ҳамда уларни келтириб чиқарувчи омиллар таҳлил қилиниб, шу йўналишда аниқ ва мақсадли ишлар олиб борилади.

Таҳлиллар асосида, энг кўп жиноятлар содир этилган маҳаллаларда қўшимча профилактика инспекторлари, тезкор вакил, патрул-пост ва йўл-патрул хизмати ходимларидан иборат алоҳида ички ишлар бўлинмалари ташкил этилади. Криминоген вазият мураккаб маҳаллаларга куч-воситалар қайта тақсимланиб, бевосита “жиноятлар ўчоқ”лари бартараф этиб борилади.

Келгусида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” негизида маҳаллалар кесимида аниқ маълумотлар базаси яратилади. Бу ҳар бир муаммоли шахс билан якка тартибда манзилли ишлаш имконини беради”, дея ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Йиғилишда жиноятчиликни жиловлаш борасида ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳамкорликдаги ишлари самарадорлигини янада ошириш, бу соҳада ягона марказлашган тизимни жорий этиш мақсадида “2021–2023-йилларга мўлжалланган Жамоат хавфсизлигини таъминлаш концепцияси” ишлаб чиқиш, бу масалага илмий ёндашувни татбиқ этиш мақсадида ИИВ қошида “Илмий-амалий тадқиқотлар маркази” фаолиятини йўлга қўйиш таклифлари бўйича амалий ечим топиш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, тергов соҳасини такомиллаштириш ҳамда ахборот технологияларини ички ишлар органлари фаолиятига татбиқ этишдаги муаммоларга тўхталиб ўтилди.

“Ички ишлар органларининг барча бўғинида қоғозбозлик ва бюрократияни кескин камайтириб, иш юритишни рақамлаштириш бирламчи вазифамиздир. Инсон омили камайтирилиб, рақамли технологиялар олдинламас экан, келажак ички ишлар органлари фаолиятини тасаввур қилиб бўлмайди.

Шу боис, ички ишлар органлари ходимларининг касбий билимини ошириш, уларнинг профессионал даражасини юксалтириш борасида тизимли ишлар олдимизда турибди”, дея таъкидлади ички ишлар вазири.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 12 феврал куни Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этди ва ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишидаги ишларини танқид қилиб, тизимда вертикал бошқарув тўғри ташкил этилмаётгани, ички ишлар органларининг ишидан халқ норози эканини таъкидлади.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид