20:27 / 18.02.2021
2720

Facebook Австралия оммавий ахборот воситаларининг янгиликлари ижтимоий тармоқ орқали тарқатилишини чеклаб қўйди

Аввалроқ Google Австралияда интернет қидирув хизмати ўчириб қўйилиши ҳақида огоҳлантирганди.

Фото: imago

Австралия рақобат ва истеъмолчиларни ҳимоя қилиш комиссияси томонидан тақдим этилган қонун лойиҳаси оммавий ахборот воситаларига уларнинг мақола ва хабарларини жойлаштиргани учун IT-платформалар уларга пул тўлаши кераклигини кўзда тутади.

Facebook Австралия ҳукумати келгуси ҳафтада қабул қилишни режалаштирган қонун туфайли бу мамлакат оммавий ахборот воситаларида чоп этилган янгиликларнинг ижтимоий тармоқ орқали тарқатилишини чеклаб қўйди.

18 феврал куни оммавий ахборот воситаларининг барча хабарлари Facebook ижтимоий тармоғидан ўчириб ташланди, деб хабар бермоқда The Sydney Morning Herald нашри.

Нашрнинг ёзишича, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар, касаба уюшмалари, хайрия ташкилотларининг хабарлари ҳам ўчириб ташланган.

12 феврал куни Австралия федерал парламенти 2020 йил ёзда эълон қилинган қонун лойиҳасини кўриб чиқишни бошлади. Австралия рақобат ва истеъмолчиларни ҳимоя қилиш комиссияси томонидан тақдим этилган қонун лойиҳаси оммавий ахборот воситаларига уларнинг мақола ва хабарларини жойлаштиргани учун IT-платформалар уларга пул тўлаши кераклигини кўзда тутади. Агарда томонлар тўлов миқдорини келиша олмаса, буни давлат арбитри белгилайди. Акс тақдирда компаниялар умумий даромадининг 10 фоизи миқдорида жаримага тортилади.

Аввалроқ Google компанияси ушбу қонун қабул қилинадиган бўлса, Австралияда интернет қидирув хизмати ўчириб қўйилиши ҳақида огоҳлантирганди.

Top