Ўзбекистон | 09:30 / 19.02.2021
7137
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси ҳамда инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари GTL лойиҳаси ҳолатини ўрганди

«Uzbekneftgaz GTL» заводида олиб борилаётган инвестицион лойиҳа ҳолатини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Олимхон Рустамов ҳамда «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев қурилиш майдонида бўлишди.

Ташриф давомида инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши, қурилиш-монтаж ишларини якунлаш ҳолати, ташқи инфратузилма объектлари қурилишининг олиб борилиши, шунингдек, «Uzbekneftegaz GTL» корхонасининг ишга тушириш-созлаш олди ва ишга тушириш-созлаш ишларининг амалга оширилиш жараёнлари ўрганилди.

Бугунги кунга келиб, корхонанинг қурилиш майдонида асосий қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, ишга тушириш-созлаш олди ва ишга тушириш-созлаш ишлари босқичма-босқич фаол суръатларда олиб борилмоқда.

Таъкидлаш керак, бугунги кунда заводдаги қурилиш-монтаж ишларининг асосий қисми якунланмоқда, босқичма-босқич ишга тушириш ишлари бажарилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Сўнгги босқич ишларни тугаллаш учун эса айни вақтда заводда 9 300 нафар ишчи-ходим, 600 дан ортиқ махсус техника ёрдамида меҳнат қилишмоқда.

Бугунги кунда лойиҳанинг бош пудратчилари – Кореянинг «Hyundai Engineering», «Hyundai Engineering & Construction» ҳамда «Enter Engineering» (Сингапур) консорциуми томонидан заводда ускуналарни ишга тушириш ишлари фаол суръатлар билан олиб борилмоқда.

Заводда асосий подстанция ишга туширилди ва корхонага электр таъминоти қабул қилиниши бошланди, шунингдек, 2-сон назорат-ўлчов приборлари ва автоматика хонаси биносида ишга тушириш-созлаш ишлари якунланди. Заводда биринчи маротаба ёнғинни ўчириш сув тизими 82-сонли қурилмаси ишга туширилди.

Лойиҳа амалга оширилиши билан танишиш давомида, хом сув тайёрлаш қурилмаси, яъни деминерализацияланган сувни ишлаб чиқариш тизимидаги ишга тушириш-созлаш ишлари (71- ва 87-қурилмалар) ҳолатлари ҳам ўрганилди.

Бундан ташқари, корхонанинг Марказий бошқарув пульти, назорат-ўлчов приборлари ва автоматика тизими учун сиқилган ҳаво ишлаб чиқариш қурилмаси (75-қурилма), шунингдек, бир қатор бошқа қурилмалар иш фаолияти билан танишиб чиқилди.

«Ўзбекнефтгаз» Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Олимхон Рустамов ташрифида сувни совитиш тизими фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилганига гувоҳ бўлишди ва айнан улар ушбу тизимни ишлатиш учун старт беришди.

Ўз навбатида, Бошқарув раиси «Uzbekneftgaz GTL» заводи Бош директори Фаҳриддин Абдурасуловга ишга тушириш олди ва ишга тушириш ишларини сифатли бажарилишини таъминлашга доир кўрсатмалар берди.

Бошқарув раиси хавфсизлик, меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги қоидалари ва талабларига қатъий риоя қилиш, корхонанинг эксплуатация ходимларини юқори сифатли тайёрлаш, шунингдек, ишга тушириш-созлаш ишларини юқори сифат билан бажаришга қаратилган қатор бошқа кўрсатмаларга алоҳида эътибор қаратди.

«Uzbekneftegaz GTL» корхонасининг ишга туширилиши жорий йилга режалаштирилган бўлиб, унда 93 минг тонна авиакеросин, 220 минг тонна дизель ёнилғиси, 133 минг тонна нафта ва 16 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид