11:04 / 19.02.2021
14677

Шавкат Мирзиёев: Таклифим - оқсоқолни маҳаллага маслаҳатчи қилиб қўйсак, маҳалла раислигига эса ёш ва забардаст ёшларни сайласак

Наманган вилояти халқ депутатларининг навбатдан ташқари 26-сессияси ишида давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда. Анъанага кўра вилоятдаги ислоҳотлар таҳлил қилинди, деб хабар берди Kun.uz мухбири.

Фото: Kun.uz

“Наманганда 775та маҳалла бор. Агар улар: “Энди мен бугун кечагидек ишлашга ҳаққим йўқ”, деб келган бўлса, шу катта ютуқ. Энди маҳалла - ислоҳотчи. Олдингидек раисларнинг маросимларда юрадиган даври ўтиб кетди. Ҳамма маҳалла раислари ҳам бугунги синовларга тайёрми? Бу саволга ҳамма ўзича жавоб бериши керак. Менинг таклифим - маҳаллага оқсоқолни маслаҳатчи қилиб қўйсак, маҳалла раислигига эса ёш ва забардаст ёшларни сайласак. Оқсоқолнинг обрўсини асло туширмаймиз, доим даврамиз тўрида бўлади. Маҳалла раиси кеча-ю кундуз тинмайдиган, халқнинг оғирини енгил қиладиган киши бўлиши керак. 

Энди маҳалла раисларини мажлисларга чақириш мутлақо ман этилади. Намангандаги 775та маҳалла раиси бўйича ишларни ҳал қилсак, асосий муаммоларни ҳал қилган бўламиз. 

Мен энди қайси маҳаллага киришимни ҳеч кимга айтмайман. Менга рақамлар, қилинган ишларни айтиш керакмас. Ўзим кўзим билан кўраман. Қарсакбозлик, баландпарвоз гаплар кетмайди”, – деди президент.

Top