Иқтисодиёт | 15:05 / 25.02.2021
4099
2 дақиқада ўқилади

Нидерландиялик инвестор Тошкент вилоятида бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўяди

Нидерландиянинг Lumidea Engineering компанияси Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этади. Корхона кунига 20 минг дона маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси ва Нидерландиянинг Lumidea Engineering компанияси бош директори Ашраф Ўзшаҳин ўртасида видеоконференция шаклида мулоқот ўтказилди.

«Дунё» АА маълумот беришича, қароргоҳи Роттердам шаҳрида жойлашган мазкур компания Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этади.

Ашраф Ўзшаҳиннинг сўзларига кўра, бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун Ўзбекистонга олиб келинадиган ускуналарнинг умумий қиймати 300 минг долларга тенг. Ҳисоб-китобларга кўра, корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати кунига қарийб 20 минг дона маҳсулотни (иссиқлик изоляцияли пардозлаш материаллари, бетон плиталар, тўсиқлар, йўлак тошлари ва бошқалар) ташкил этади.

Нидерландия томони мазкур лойиҳа режалаштирилган жадвалга мувофиқ амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, хориждан Ўзбекистонга етказилган технологик жиҳоз ва ускуналар жўнатмасининг божхона расмийлаштируви якунланган. Айни пайтда навбатдаги жўнатма учун божхона расмийлаштируви амалга оширилмоқда.

Корхонада март ойи охирида дастлабки маҳсулотларни ишлаб чиқаришни режалаштирган.

Маълумот учун, Lumidea Engineering Нидерландиянинг инфратузилма лойиҳаларига ихтисослашган етакчи компанияларидан биридир. Компания турар жой мажмуалари, касалхоналар, йўллар ва кўприклар қуришга ихтисослашган. Шу кунга қадар компания хорижда, хусусан, Ироқ ва Туркманистонда қатор инфратузилмавий лойиҳаларини амалга оширган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид