Улар махсус мактаб, лицей ёки гимназияда эмас, оддий умумтаълим мактабида таҳсил олишган. Қувонарлиси, улар 40 минг АҚШ долларидан 95 минг долларгача бир қатор хорижий ўқув юртлари грантлари соҳиби бўлишган.

Мақсуджон Аминов — 18 ёшда. У Наманган вилояти Чуст шаҳридаги 3- мактабнинг 11-синф ўқувчиси. Мақсуджон мактабда аъло баҳоларга ўқийди, шу билан бирга, инглиз тили ва математика фанини пухта ўзлаштирмоқда. У IELTS’нинг етарли баллини тўплагач, бизнес-аналитика йўналишида чет эл ўқув юртларига кириш учун 20та олий таълим муассасасига ҳужжат юборади. Айни кунда 5та университетнинг грантини қўлга киритди ва яна 15тасидан натижаларни кутяпти.

«Инглиз тилини ўрганиш учун, албатта, қўшимча курслар зарур. Лекин аввало ўрганувчининг ўзида кучли истак ва мақсад бўлиши лозим. Бир кунда 4 соат вақтимни инглиз тилини ўрганиш учун сарфлайман. Кўпчилик тил ўрганиш учун 7–8 соат вақт ажратиш керак деб ўйлайди, буни ёқламайман. Менинг шундай шиорим бор: дам олиш пайтида дам ол, ўқиш пайтида ўқи, ишлаш пайтида ишла», – дейди Мақсудбек.

Худди шу тумандаги 74-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Нодирбек Маҳмудов ҳам тенгдоши каби хориждаги нуфузли университетларнинг 20дан ортиғига бизнес маркетинг йўналиши бўйича ҳужжат юборган ва ҳозирги кунда Американинг 4та олийгоҳидан грант ютиб олишга муваффақ бўлди.

«Мактабдаги инглиз тили дарсини «Fly high» дарслигидан ўрганамиз. Бу китоб орқали ўзлаштирган инглиз тили даражамиз билан IELTS’дан 5–5,5 баллни қўлга киритиш мумкин, бу балл билан чет эл университетлари ўқишга қабул қилмайди. Шунинг учун ҳам курсларга бориб, ўз устимизда ишлашни бошладик. Инглиз тилини ўрганишни, аввало, сўзлашувдан бошлашни тавсия қиламан, шунда қолган босқичлар осон кечади, муҳими, вақтни тўғри тақсимлай билиш керак. Қаттиқ ишлаш шарт эмас, фақат мияни ишлатиш керак. Чунки инглиз тили — ҳаётнинг бош мақсади эмас», – дейди Нодирбек.

Аброрбек Мамадалиев эса Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги 82-мактабда таҳсил олмоқда. Бизнес менежмент йўналишида University of Australia университетига муддатидан олдин талабаликка қабул қилинди. У яна 3та университетдан синов натижаларини кутяпти.

«Мен бир кунда 6–7 соат вақтимни инглиз тилини ўрганишга сарфлайман, ҳозирги олдимиздаги энг катта вазифа фақат ўқиш. Шунинг учун тинмай ҳаракат қилишимиз лозим. Мен келажакда олдимга шундай мақсад қўйганманки, вилоятимизнинг ҳар бир туманида чет тилларини ўргатадиган ўқув марказларини ташкил этаман ва у бу ерда моддий таъминоти яхши бўлмаган оила фарзандлари ҳам билим олишлари учун шароит яратаман», – дейди Аброрбек.