Тергов департаментининг маълум қилишича, жиноят ишини тергов қилиш жараёнида Отабек Сатторий саккиз нафар фуқаронинг сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини ошкор қилиш билан қўрқитишда, бу орқали моддий манфаат кўриб келганликда, фуқароларга Telegram, Facebook, YouTube орқали туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш каби жиноятларни содир қилганликда айбланган.

«Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан 2021 йилнинг 24 феврал куни Сатторий Отабек Абдуманонзодага Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”,“б” бандлари ва 3-қисми “а” банди (Товламачилик), 139-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари (Туҳмат) ҳамда 140-моддаси 3-қисми “а” банди (Ҳақорат қилиш) билан аввалги айблов тўлдирилиб, шу куни дастлабки тергов тамомланган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли судловга ошириш учун Сурхондарё вилоят прокуратурасига юборилган», дейилади расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, маҳаллий амалдорларни танқид қилиб келган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий 30 январ куни қамоққа олинган эди. Блогернинг ҳибсга олиниши акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда муҳокамалар келтириб чиқарди.

Мунозаралар ортидан ИИВ Тергов департаменти блогер Шеробод туманидаги бозор бозорқўмининг аризасига кўра қўлга олингани, у тергов органига Отабек Сатторий билан бўлган сўзлашувларни тақдим этганини маълум қилганди. Бироқ департамент расмий муносабатида жиноят ишини нима учун Термиз шаҳар ИИБ эмас, Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси қўзғатганига ойдинлик киритилмаган. Шунингдек, блогернинг бозорқўмга қўнғироқ қилиб, тарқатиб юбориш билан таҳдид қилингани иддао қилинган видео аслида тарқатилгани ёки тарқатилмаганига ҳам ойдинлик киритилмаган.