Иқтисодиёт | 21:48 / 02.03.2021
17791
3 дақиқада ўқилади

«Қўштирноқ ичидаги экспертларнинг баёнотлари асоссиз» — ДСҚ

Давлат солиқ қўмитаси «обналчилар» можароси юзасидан ижтимоий тармоқларда қўмита ҳаракатларини «гумон», «мутлақо қуруқ гап», «тасдиқланмаган фараз» деб фикр билдирган экспертларга қарши баёнот билан чиқди.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси

ДСҚ қўшилган қиймат солиғи тўлашдан қочиш «схема»ларига қарши бошлаган курашни «фақат гумон ва мутлақо қуруқ гап» ёки «бариси ҳеч қандай исбот билан тасдиқланмаган фаразлар» деб атаган экспертлар фикрлари асоссиз, дея баёнот берди.

«Давлат солиқ қўмитаси қўшилган қиймат солиғини тўлашдан қочиш «схема»ларига қарши бошланган фаол курашиш ҳаракатларини айрим, қўштирноқ ичидаги нуфузли экспертлар томонидан «фақат гумон ва мутлақо қуруқ гап» ёки «бариси ҳеч қандай исбот билан тасдиқланмаган фаразлар», деб ижтимоий тармоқлар орқали билдираётган баёнотларининг асоссиз эканлигини маълум қилади.

Солиқ органларининг ҳаракати жуда мантиқий, изчил, амалдаги солиқ қонунчилигида (Солиқ кодексининг 14,15, 266-моддалари) белгиланган ва бозорда тенг рақобат шароитини яратиш орқали ҳалол-пок тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Жумладан, қўлланилаётган нормалар халқаро солиқ маъмурчилигида кенг фойдаланилиб, Солиқ кодексига Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Россия Федерацияси экспертлари таклифи билан киритилган», – дейилади расмий хабарда.

Бундан ташқари, баёнотда солиқ фирибгарлиги билан шуғулланган «шубҳали» фирмалар билан товарсиз операцияларни амалга ошириш орқали ҚҚС суммаларини бюджетга тўланмаганлиги ҳолатлари 97 фоизи ёки 7 486та корхонада (780 миллиард сўм) тўлиқ миқдорда, 97 тасида эса (12,1 миллиард сўм) қисман тасдиғини топгани маълум қилинган.

Шунингдек, расмий хабарда қўмита 2021 йил 2 март ҳолатига кўра, 256 та солиқ тўловчи (30,7 миллиард сўм) асословчи ҳужжатлар тақдим эта олгани маълум қилинган. 

Эслатиб ўтамиз, 1 март куни иқтисодчи Юлий Юсуповнинг Kun.uz’да эълон қилинган мақоласида ДСҚнинг «обналчилар»га қарши бошлаган кураши юзасидан фикр билдирилганди. Унда иқтисодчи қўмита ҳаракатларини «соғлом фикр ва қонунни мазах қилиш», деб баҳолаган.

«Энди минглаб тадбиркорлар тўғридан тўғри исботларсиз, текширувларсиз ва суд қарорларисиз жиноятда айбланмоқда», деган эксперт Юлий Юсупов.

Маълумот учун, шу йилнинг февраль ойида Давлат солиқ қўмитаси давлат бюджетига етказилган зарарни қисқартириш мақсадида «нақдлаштирувчи корхоналар» фаолиятини чеклаш механизмини жорий этганди. Натижада 396та корхона шубҳали субъектлар реестрига киритилди ва улар билан ҳамкорлик қилган 10мингга яқин тадбиркорнинг шартномалари, хусусан, ҳисобга олинган ҚҚС суммаси бекор қилинди.

Мавзуга оид