Ўзбекистон | 20:43 / 04.03.2021
6373
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик разведкачилар Покистонда ўтказилган халқаро мусобақада ғолиб бўлишди

Мусобақада 5 та давлат ҳарбийлари иштирок этган.

Мудофаа вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, 24 февраль кунидан 3 мартгача Покистон Ислом Республикасида IV Покистон армиясининг жамоавий руҳи халқаро мусобақаси (4-th International PATS Competition) бўлиб ўтган.

Қайд этилишича, мусобақада мезбонлар билан биргаликда Шри-Ланка, Туркия, Иордания ва Ўзбекистон Республикаси разведкачилари қатнашишган бўлса, Қозоғистон, Ҳиндистон, Марокко, Индонезия, Тожикистон ҳарбийлари жараён шаффоф ва холис ўтишини кузатиб боришган.

Иштирокчилар Покистоннинг иссиқ ва қийин шароитларида алоқа тайёргарлиги, ҳарбий топография, отиш ва тиббий тайёргарлик, махсус сигналлар бериш ва оптик воситаларни қўллаш, нотаниш ҳудудларни рекогносцировка қилиш бўйича назорат машғулотларини бажаришган.

Умумий натижаларга кўра ўзбек ҳарбийлари биринчи ўринни эгаллаган. Иккинчи ва учинчи ўрин Туркия ҳамда Шри-Ланка разведкачиларига насиб этган.

Мудофаа вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, ўзбекистонлик разведкачилар бунгача Буюк Британияда ўтказилган «Кембриж патрули» мусобақасида 120 та давлат ичида 2018 йилда иккинчи ва 2019 йилда биринчи, Қозоғистон Республикасида ҳарбий разведкачилар ўртасида ўтказилган халқаро мусобақада мезбонлардан кейин иккинчи, 2020 йилда эса Россия Федерациясида ўтказилган Халқаро армия ўйинларида ҳам иккинчи ўринни эгаллашган.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид