Ўзбекистон | 13:16 / 06.03.2021
2902
3 дақиқада ўқилади

Қурилиш материаллари илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Қурилиш вазирлиги ҳузурида Қурилиш материаллари илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қурилиш вазирлиги ҳамда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг Қурилиш вазирлиги ҳузурида Қурилиш материаллари илмий-тадқиқот марказини ташкил қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Марказни ташкил қилиш ва жиҳозлаш бўйича ишларни молиялаштириш манбалари этиб Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармасидан 2021 йилда ажратиладиган 20 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдордаги маблағлар ҳамда етмайдиган қисми учун Қурилиш вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари белгиланади.

Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳасида илмий изланишлар олиб бораётган ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш, уларда инновацион фикрлашни шакллантириш, интеллектуал салоҳиятларини намоён этишига ҳамда қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳасида стартап лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишига кўмаклашиш;
  • қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳасида илмий изланишлар олиб бориш, мазкур йўналишда фундаментал, амалий, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш;
  • қурилиш фаолиятини интеллектуаллаштириш ва автоматлаштиришнинг илмий-техника масалалари ечимига йўналтирилган технологияларни яратиш ва технологик жараёнларни лойиҳалаштириш;
  • қурилиш материаллари технологиялари трансфери, уларни тижоратлаштириш ва стартап лойиҳаларни амалга ошириш орқали маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқиш саноатини ривожлантириш;
  • қурилиш материаллари ишлаб чиқиш бўйича хорижий компания ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, соҳадаги илғор тажрибаларни маҳаллийлаштириш ва оммалаштириш, соҳада илмий изланиш олиб бораётган тадқиқотчилар учун стажировка ва малака ошириш курсларини ташкил этиш.

Марказ:

Тошкент шаҳри, Юнусобод туманида барпо этилаётган Тошкент архитектура-қурилиш институтига туташ ҳудудда жойлашган “8-Автобус саройи” МЧЖ, “O’qituvchi” нашриёт-матбаа ижодий уйи ва “Invest Group Centre” МЧЖ бино ва иншоотларини белгиланган тартибда кўчирган ҳолда, ушбу ҳудудда ягона мажмуада жамланган “Қурилиш ҳаби”га бино қурилиши тугалланганидан сўнг текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • Давлат бюджети маблағлари (илмий ва ёрдамчи ходимлардан ташқари, Марказ ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш учун);
  • Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;
  • шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлардан олинадиган даромадлар;
  • халқаро ва маҳаллий молия ва бошқа институтлар кредитлари, хорижий ташкилотлар грантлари;
  • жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан Ўзбекистон норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
  • қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид